Ўзбекистон киносанъати Санкт-Петербург халқаро кинофестивалида муносиб эътирофга сазовор бўлди

Август 27, 2026. 09:00 • 2 дақ

10
Ўзбекистон киносанъати Санкт-Петербург халқаро кинофестивалида муносиб эътирофга сазовор бўлди
Ўзбекистон киносанъати Санкт-Петербург халқаро кинофестивалида муносиб эътирофга сазовор бўлди

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 27 август. /“Дунё” АА/. Санкт-Петербург шаҳрида VII “Lendoc” халқаро кинофестивали бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хориж мамлакатлари вакиллари иштирок этган тадбир “Лендок” ва “Кинокультура” киностудиялари томонидан Россия Маданият вазирлиги ҳамда Санкт-Петербург Маданият қўмитаси кўмагида ташкил этилди.

Бу йилги танлов ва дастурларда 13 та мамлакатдан 39 та бадиий, ҳужжатли, тарихий, дебют ва талабалик фильмлари намойиш этилди. Фестивалда Россиядан ташқари Ҳиндистон, Эрон, Хитой, Индонезия, Мавритания, Латвия ҳамда МДҲ давлатлари делегациялари иштирок этди.

Фестиваль дастурида Ўзбекистон кинематографлари иштироки алоҳида ўрин эгаллади. Намойишларда ўзбекистонлик ижодкорлар томонидан суратга олинган “Казбек” тарихий драмаси (режиссёр Акбар Бектурдиев, Ўзбекистон ва Беларусь ҳамкорлиги), “Маҳтумқули” фильми (Ўзбекистон ва Туркманистон ҳамкорлиги), “Баҳорни қувиб” драмаси (режиссёр Аюб Шаҳобиддинов), “Тортишиш кучи” (режиссёр Шамшод Исматов) ҳамда уруш йилларида 18 ёшли почтачи қизининг жасорати ҳақида ҳикоя қилувчи “Ўша баҳор ҳақида” қисқа метражли фильмлари ўрин олди.

Талабалик ва ўқув ишлари бўлимида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаларининг ижодий ишлари муваффақиятли тақдим этилди. Фильмлар Санкт-Петербургнинг марказий кинотеатрларида намойиш этилиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди.

Танлов ишларининг адолатли баҳоланишини Россия, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Беларусь кино арбобларидан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати таъминлади.

Фестиваль якунларига кўра, маҳоратли актёр Улуғбек Қодиров “Казбек” фильмидаги роли учун “Энг яхши эркак роли” номинацияси ғолиби бўлди ва махсус мукофот билан тақдирланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш