Ўзбек ижодкорлари яратган анимацион фильм Туркия кинотеатрларида намойиш этилади

Ноябрь 26, 2026. 15:30 • 2 дақ

• 34
Ўзбек ижодкорлари яратган анимацион фильм Туркия кинотеатрларида намойиш этилади

ИСТАНБУЛ, 26 ноябрь. /“Дунё” АА/. Истанбул шаҳридаги “Torun Center” мажмуасида ўзбекистонлик ижодкорлар томонидан яратилган “Сеҳрландия: қаҳрамонлик миссияси” анимацион фильмининг махсус намойиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу тақдимот тадбири Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда “Gul Production” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тақдимот маросимида Туркиядаги Ўзбекистон маданияти, бирдамлик ва ҳамкорлик жамияти, Ёшлар ассоциациясининг ушбу давлатдаги вакиллари, ННТ ходимлари, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Беларуснинг Истанбулдаги бош консуллари оила аъзолари билан иштирок этди.

Шунингдек ўқинг

Болалар контентини ривожлантириш маркази буюртмасига кўра “Lola Animation” студияси ва “Нажот таълим” томонидан яратилган мазкур фильмда дўстлик, жасорат, масъулият ва ўзаро ёрдам ғоялари ёш томошабинларга мос бадиий воситалар орқали ёритилган. Фильм 2026 йил 27 ноябрдан бошлаб Туркия кинотеатрларида “Sihirlandiya: kahramanlik Görevi” номи билан намойиш этилиши режалаштирилган.

Туркиялик болалар фильм қаҳрамонларининг саргузаштларини кузатар экан, “Жалолиддин”, “Темур”, “Улуғбек” ва “Бобур” исмларини эшитади. Бу номлар орқали уларда Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари буюк аждодларимизга қизиқиш уйғонади.

Фильмда ўзбек миллий куйларидан парчалар янграши болаларга ўзбек мусиқа меросини ҳис этиш имконини беради. Шу тариқа, миллий куйларимиз ва тарихимиз билан боғлиқ маълумотлар Туркия киноэкранлари орқали энг ёш томошабинларга етиб боради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш