Logo

Атоқли ўзбек ёзувчиси Ғафур Ғуломнинг «Осмон тўла юлдузлар» асари турк тилида чоп этилди

Февраль 27, 2024. 10:38 • 2 дақ

1575
Атоқли ўзбек ёзувчиси Ғафур Ғуломнинг «Осмон тўла юлдузлар» асари турк тилида чоп этилди

АНҚАРА, 27 февраль. /«Дунё» АА/. Анқара шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғулом таваллудининг 120 йиллиги муносабати билан турк тилида чоп этилган «Осмон тўла юлдузлар» номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тақдимот мамлакатимиз дипломатик миссияси томонидан Ўзбекистон Маданият вазирлиги, Халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти, Туркиянинг Ҳожи Байрам Валий университети билан биргаликда ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон элчиси Алишер Аъзамхўжаев, маданият вазирининг маслаҳатчиси Шавкат Ортиқов, ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев ва Ҳожи Байрам Валий университети ректор ўринбосари Метин Ўрбай ва бошқалар сўзга чиқишда.

Элчи Алишер Аъзамхўжаев ўз нутқида тадбирни ташкил этишда ҳисса қўшган ва "Осмон тўла юлдузлар" китобининг турк тилига таржима қилишда бевосита иштирок этган олим ва адабиётшуносларга чуқур миннатдорлик билдирди. Ғафур Ғулом ХХ асрнинг энг қийин даврида ижод қилгани, унинг ижодида умуминсоний ғоялар, инсонпарварлик мавзулари муҳим ўрин тутгани, айниқса, адибнинг «Шум бола» қиссаси адабиёт ихлосмандларининг алоҳида меҳрини қозонгани алоҳида қайд этилди.

Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» асари мурғак боланинг кўргуликларини ифода этувчи, халқчиллиги, жайдари ва бой тили, самимияти, изтиробга йўғрилган мутойибаси билан ажралиб туради. Эътиборли жиҳати, ёзувчининг «Шум бола» асари 2023 йилда энг яхши болалар адабиётининг топ-100 талик рўйхатига киритилган.

Таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Ғафур Ғулом таваллудининг 120 йиллиги 2023 йилда мамлакатимиз миқёсида кенг нишонланди.

Анжуман доирасида Ғафур Ғулом ҳаёти ва ижоди ҳақида суратга олинган қисқа метражли фильм намойиш этилди. Шунингдек, иштирокчиларга «Осмон тўла юлдузлар» китоби тақдим этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш