Logo

Боку шаҳрида Ўзбекистон олий таълим муассасалари кўргазмаси  бўлиб ўтди

Май 06, 2025. 12:15 • 2 дақ

746
Боку шаҳрида Ўзбекистон олий таълим муассасалари кўргазмаси  бўлиб ўтди

БОКУ, 6 май. /"Дунё" АА/. Жорий йилнинг 2-3 май кунлари Озарбайжон пойтахтида Ўзбекистон олий таълим муассасалари кўргазмаси ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Юртимиз элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Озарбайжон Фан ва таълим вазирлиги ҳамда "Ingla School Baku" компанияси ҳамкорликда ўтказилган кўргазмада мамлакатимиздаги 15 та олий таълим муассасаси вакиллари қатнашди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Озарбайжон Миллий фанлар академияси, ушбу мамлакат парламенти ва Ўзбекистон вакиллари сўзга чиқиб, сўнгги йилларда фан ва таълим соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини таъкидладилар.

Ўзбекистон дипломатлари ўз чиқишларида мамлакатимизда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида таълим соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, ўқув дастурлари янгиланаётгани, халқаро стандартлар ва рақамли технологиялар жорий этилаётгани, етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланаётганини қайд этишди.

Кўргазма давомида, шунингдек, тиббиёт, фармацевтика, муҳандислик, ахборот технологиялари ва кўплаб замонавий мутахассисликлар бўйича ўқув дастурлари тақдимот қилинди. Озарбайжонлик ёшларга Ўзбекистон университетларига ўқишга кириш бўйича тартиблар ҳақида маълумот берилди.

 Таълим ярмаркаси давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон олий таълим муассасалари вакиллари ўртасида "В2В" шаклидаги учрашувлар ташкил этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси аъзолари сафар давомида Боку давлат университети, Озарбайжон давлат тиббиёт университети, Озарбайжон архитектура-қурилиш университети ҳамда Озарбайжон нефт ва саноат университети фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш