Logo

Ўзбекистоннинг транспорт-логистика салоҳияти Куала-Лумпурда бўлиб ўтган халқаро форумда тақдим этилди

Октябрь 15, 2025. 10:21 • 57 сония

118
Ўзбекистоннинг транспорт-логистика салоҳияти Куала-Лумпурда бўлиб ўтган халқаро форумда тақдим этилди

КУАЛА-ЛУМПУР, 15 октябрь. "Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг транспорт-логистика тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси Малайзияда бўлиб ўтган АСЕАН ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида транспорт-логистика масалаларига бағишланган форумда тақдим этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларининг Малайзиядаги элчилари, Лаос расмийлари ҳамда йирик логистика компаниялари вакиллари қатнашди.

Форумда денгиз портларига чиқиш имкониятига эга бўлмаган мамлакатларнинг транспорт-логистика салоҳиятидан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Тадбир давомида Ўзбекистоннинг транспорт-логистика салоҳияти батафсил тақдим этилди. Тақдимотда мамлакатимизнинг географик жойлашуви ва халқаро транзит маркази сифатидаги аҳамиятига алоҳида урғу берилди.

Шунингдек, Малайзия ва бутун Жануби-Шарқий Осиё давлатлари бозори билан Ўзбекистонни узвий боғлаб турувчи мавжуд транспорт йўлаклари таҳлил қилинди. Юкларни ташишда муқобил ва самарали маршрутларни ривожлантириш ҳамда мультимодал логистика ечимларини жорий этиш бўйича истиқболли режалар ҳақида айтиб ўтилди.

Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги товар айирбошлашда қўлланилаётган транспорт-логистика йўлакларига тўхталиб ўтилди.   Шунингдек, тақдимотда Ўзбекистоннинг Жануби-Шарқий Осиё минтақаси билан ўзаро савдо ҳажмини оширишга қаратилган янги стратегик транзит йўналишлар имкониятларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистон дипломатлари Малайзиянинг ташқи савдо ва логистика компаниялари вакиллари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан музокара ўтказди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш