Ўзбекистон Президентининг Иорданияга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлади

Ноябрь 28, 2026. 09:10 • 4 дақ

• 168
Ўзбекистон Президентининг Иорданияга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлади
Ўзбекистон Президентининг Иорданияга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлади
Ўзбекистон Президентининг Иорданияга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлади
Ўзбекистон Президентининг Иорданияга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлади

АММОН, 28 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга давлат ташрифи ва унинг доирасида ўтказилган олий даражадаги музокаралар Иордания оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мамлакатнинг етакчи нашрлари ташрифни икки давлат муносабатларида янги босқични бошлаб берган муҳим сиёсий ва иқтисодий воқеа сифатида баҳолаб, савдо-иқтисодий алоқалар, инвестиция, саноат, фармацевтика, туризм ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратди.

“Al Rai” газетасида эълон қилинган мақолада ташрифнинг иқтисодий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилган. Нашр экспертлар фикрларига таяниб, Ўзбекистон бозори иорданиялик ишлаб чиқарувчилар учун катта имкониятлар очишини таъкидлайди.

Хусусан, 2024 йилда Ўзбекистоннинг Иорданияда ишлаб чиқариладиган товар гуруҳлари бўйича импорти 2,28 миллиард долларга етгани, бироқ Иордания экспорти атиги 741 минг долларни ташкил этгани қайд этилган.

Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим ушбу тафовутни қисқартириш ва иорданиялик экспортчилар мавқеини мустаҳкамлаш воситаси сифатида баҳоланган. Шунингдек, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳалари, логистика ва фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари кўрсатиб ўтилган.

Ушбу нашрнинг яна бир таҳлилий мақоласида икки давлат муносабатларининг сиёсий, иқтисодий ва минтақавий жиҳатлари ёритилган. Унда ташриф доирасида 18 та келишув ва англашув меморандуми имзолангани, Ўзбекистон томони Иорданияда умумий қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган қарийб 40 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ниятини билдиргани қайд этилган.

“Alwakaai” нашрининг “Ўзбекистондан совға: Ал-Ҳусайния саройидаги ёғоч айвон тарихи” сарлавҳали мақоласи икки халқ ўртасидаги маданий дўстлик рамзига бағишланган. Унда Ўзбекистон томонидан Иордания Подшоҳи Абдулла IIнинг 2025 йил август ойидаги ташрифи муносабати билан совға қилинган анъанавий услубдаги ёғоч айвон ҳақида сўз боради.

Шунингдек ўқинг

Ўзбек ҳунармандлари томонидан ясалган мазкур иншоот миллий меъморчилик, нафис ёғоч ўймакорлиги ва нақш санъатини ўзида мужассам этган. Айвонда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Подшоҳи Абдулла II учрашуви ўтказилгани унинг рамзий аҳамиятини янада оширган.

“Ammon News” ахборот агентлигида эълон қилинган мақолада туризм соҳасидаги истиқболли лойиҳалар ҳақида сўз юритилган. Материалда иорданиялик тадбиркор Амжад ал-Муслимонийнинг “Даллас” туристик компанияси томонидан Тошкентга ҳафтасига бир марта чартер рейсларини ташкил этиш режаси ҳақидаги маълумоти келтирилган. Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, Самарқанд ва Бухоро каби сайёҳлик масканлари иорданиялик сайёҳлар учун жозибадор йўналиш сифатида эътироф этилган.

“Jordan Zad” портали “Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Подшоҳ меҳмони” сарлавҳали мақоласида ташрифнинг кенг геосиёсий мазмунини таҳлил қилган. Нашр Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги стратегик ўрни, ташқи сиёсатда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш сиёсати ва Иордания билан яқинлашувининг минтақавий аҳамиятини очиб берган.

Мазкур порталда чоп этилган яна бир мақолада Иордания дори воситалари ишлаб чиқарувчилари уюшмаси раиси Холид Ҳарбнинг фикрлари келтирилган. Материалда тайёр дори воситаларини экспорт қилиш билан бир қаторда технологиялар трансфери, қўшма ишлаб чиқариш ва малакали мутахассислар тайёрлаш масалалари ҳам муҳим йўналишлар сифатида қайд этилган.

Иордания оммавий ахборот воситаларидаги материаллар Ўзбекистон билан ҳамкорликка нисбатан катта қизиқиш ва ижобий муносабат мавжудлигини кўрсатади. Нашрлар Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг муҳим иқтисодий ва транспорт маркази, истиқболли инвестиция бозори ҳамда араб мамлакатлари билан минтақавий алоқаларни кенгайтиришда ишончли ҳамкор сифатида талқин қилмоқда.

Ўзбекистон Президентининг Иорданияга давлат ташрифи ва унинг доирасида ўтказилган олий даражадаги учрашувлар ҳамда эришилган келишувлар халқаро оммавий ахборот воситаларида ҳамон кенг муҳокама қилинмоқда. Энг муҳими, Иорданиянинг нафузли ва оммабоп нашрларида ташрифнинг сиёсий, иқтисодий ва минтақавий аҳамияти, икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқиш имкониятлари алоҳида эътироф этилмоқда. 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш