“Аргументы и Факты”: Астрахан вилояти ва Ўзбекистон ўртасида тўғридан-тўғри поезд қатнови йўлга қўйилади
Ноябрь 27, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 183
МОСКВА, 27 ноябрь. /“Дунё” АА/. Россиянинг “Аргументы и Факты” нашрида Астрахан вилояти ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ривожи ҳамда янги ҳамкорлик лойиҳаларига бағишланган “Астрахан ва Ўзбекистон янги савдо иттифоқини қандай қурмоқда” сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Астрахан вилояти Ташқи алоқалар вазирлиги маълумотига таяниб қайд этилишича, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, ҳудуднинг Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажми икки бараварга ўсган. Экспорт 53 фоизга, импорт эса уч бараварга ошган. Вилоят Ўзбекистонга балиқ, гўшт, сабзавот ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларини, хусусан, йилига 400 тоннага яқин балиқ маҳсулотларини етказиб бермоқда. Жорий йилда совутилган қўй гўшти экспорти йўлга қўйилди, шунингдек, сабзи, картошка ва қовоқча жўнатилмоқда. Ўзбекистондан эса тўқимачилик маҳсулотлари, мавсумий мева-сабзавотлар ва ёнғоқлар импорт қилинмоқда.
Вилоят ташқи алоқалар вазири Владимир Головковнинг маълум қилишича, 2026 йил 17 декабрдан Астрахан ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри темир йўл қатновини йўлга қўйиш кутилмоқда. Ушбу йўналиш ишбилармонлик, гастрономик ва таълим алмашинувларини рағбатлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, Хоразм вилояти билан “Астрахан – Урганч” тўғридан-тўғри авиарейсини очиш масаласи муҳокама қилинмоқда.
Бундан ташқари, Астраханда Ўзбекистон Савдо уйини очиш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.
Владимир Головковнинг сўзларига кўра, минтақа нафақат ўзбек товарлари учун транзит ҳудуди, балки Россия – Ўзбекистон шериклигининг муҳим майдонига айланишга интилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси