“Orient” АА: Ўзбекистон — технологик бизнес учун қулай операцион хаб
Июнь 26, 2026. 19:00 • 3 дақ
• 116
АШХОБОД, 26 июнь. /“Дунё” АА/. Туркманистоннинг етакчи “Orient” ахборот агентлиги порталида “Ўзбекистон – технологик бизнес учун операцион хаб: асосий кўрсаткичлар, имкониятлар ва муваффақият омиллари” сарлавҳали таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, бугунги кунда Ўзбекистон МДҲ ва хориждаги 1000 дан ортиқ технологик компаниялар учун ўз операцион офисларини кўчириш ва бизнесни ривожлантириш бўйича энг жозибадор марказга айланди. Бунга мамлакатда яратилган таниш ишбилармонлик муҳити, маъмурий жараёнларнинг соддалаштирилгани ва “IT Park” томонидан тақдим этилаётган кенг кўламли инфратузилмавий кўмак сабаб бўлмоқда. Хусусан, “One Stop Shop” ягона ойна тизими орқали юридик шахсларни рўйхатдан ўтказиш ва банк ҳисоб рақамларини очиш тезкорлик билан амалга оширилса, “Softlanding” дастури хориждан кўчиб келаётган жамоалар ва уларнинг оила аъзоларини уй-жой ҳамда адаптация масалаларида қўллаб-қувватламоқда.
Агентлик “IT Park” резидентлари учун амал қилаётган солиқ имтиёзларига алоҳида тўхталган. Ўзбекистонда корпоратив солиқ, ҚҚС ва ижтимоий солиқлар 0 фоизни ташкил этиши, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи эса 7,5 фоиз этиб белгилангани ахборот технологиялари бизнеси учун минтақадаги энг рақобатбардош шароитлардан биридир. Шунингдек, “Zero Risk” дастури доирасида компанияларга мебель ва техника билан жиҳозланган тайёр бепул офислар тақдим этилиши, ходимларни ишга олиш ва ўқитиш харажатлари ҳамда иш ҳақи фондининг 15 фоизгача қисми давлат томонидан қоплаб берилиши стартапларга молиявий даромадларсиз фаолият бошлаш имконини беради.
Инвесторлар ва IT мутахассислари учун яратилган қулайликлар сирасида 3 йил муддатга бериладиган махсус “IT-виза” алоҳида қайд этилган. Ушбу виза эгалари мамлакат фуқаролари билан тенг равишда тиббий ва таълим хизматларидан фойдаланиш, шунингдек, ҳеч қандай чекловларсиз кўчмас мулк сотиб олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Европа ва Осиё бозорлари ўртасида қулай геосиёсий маконда жойлашган Ўзбекистон эндиликда нафақат релокация маркази, балки халқаро BPO (бизнес жараёнлар аутсорсинги) ва технологик экспорт хаби сифатида ҳам фаол намоён бўлмоқда.
Мақола якунида Ўзбекистоннинг глобал рейтингдаги тарихий ютуғи эътироф этилган. Тан олинган “StartupBlink” халқаро таҳлилий марказининг “Global Startup Ecosystem Index 2026” ҳисоботига кўра, Ўзбекистон стартап-экосистемаси бир йилда 225 фоиздан ортиқ ўсиш намойиш этиб, дунёда “Йил мамлакати” мақомини қўлга киритди ва глобал рейтингда 19 поғонага кўтарилиб, 79-ўринни эгаллади. Бугунги кунда мамлакатнинг “Startup Base” платформасида 1,9 мингдан зиёд стартап лойиҳалар рўйхатдан ўтган бўлиб, соҳага жалб қилинган умумий инвестициялар ҳажми 400 миллион АҚШ долларидан ошгани Ўзбекистоннинг тўлақонли юқори технологик марказга айланганидан далолат беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси