Мундиал-2026: тарихий формат, шиддатли баҳслар, минглаб томошабинлар билан рекордлар янгиланмоқда

Июнь 26, 2026. 18:30 • 5 дақ

107
Мундиал-2026: тарихий формат, шиддатли баҳслар, минглаб томошабинлар билан рекордлар янгиланмоқда
Мундиал-2026: тарихий формат, шиддатли баҳслар, минглаб томошабинлар билан рекордлар янгиланмоқда
Мундиал-2026: тарихий формат, шиддатли баҳслар, минглаб томошабинлар билан рекордлар янгиланмоқда
Мундиал-2026: тарихий формат, шиддатли баҳслар, минглаб томошабинлар билан рекордлар янгиланмоқда
Мундиал-2026: тарихий формат, шиддатли баҳслар, минглаб томошабинлар билан рекордлар янгиланмоқда
Мундиал-2026: тарихий формат, шиддатли баҳслар, минглаб томошабинлар билан рекордлар янгиланмоқда
Мундиал-2026: тарихий формат, шиддатли баҳслар, минглаб томошабинлар билан рекордлар янгиланмоқда
Мундиал-2026: тарихий формат, шиддатли баҳслар, минглаб томошабинлар билан рекордлар янгиланмоқда
Мундиал-2026: тарихий формат, шиддатли баҳслар, минглаб томошабинлар билан рекордлар янгиланмоқда
Мундиал-2026: тарихий формат, шиддатли баҳслар, минглаб томошабинлар билан рекордлар янгиланмоқда

ТОШКЕНТ, 26 июнь. /“Дунё” АА/. Айни пайтда жаҳондаги барча спорт мухлисларининг диққат-эътибори АҚШ, Канада ва Мексика стадионларида ўтказилаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатига қаратилган, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

2026 йилги ФИФА Жаҳон чемпионати футбол тарихида мутлақо янги даврни бошлаб берди, дейиш мумкин. Илк бор 48 та миллий терма жамоа иштирок этаётган мусобақа нафақат формати, балки кўлами, томошабинлар сони ва рақобат даражаси билан ҳам аввалги мундиаллардан кескин фарқ қилмоқда.

Янги форматга мувофиқ, мундиалда жами 104 та учрашув ўтказилади. Бу эса 2022 йил Қатардаги жаҳон чемпионатига нисбатан қарийб 40 тага кўпдир. Шунингдек, мусобақа 39 кун давом этади ва тарихда биринчи марта бир вақтнинг ўзида уч давлат мезбонлик қилаётган жаҳон чемпионати сифатида ҳам тарихга киради.

Мундиалнинг дастлабки босқичлариёқ янги форматнинг ўзини оқлаётганини кўрсатди. Гуруҳ баҳсларида кучли терма жамоалар билан бир қаторда аввал унчалик эътибор марказида бўлмаган мамлакатлар ҳам юқори савиядаги ўйин намойиш этди. Бу эса футболдаги рақобат йил сайин кучайиб, қитъалар ўртасидаги фарқ тобора қисқараётганини англатади.

Янги формат плей-офф босқичида ҳам ўзгаришларни олиб келди. Илк марта 32 жамоа иштирок этадиган 1/16 финал босқичи жорий этилди. Энди гуруҳларда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар билан бирга, энг яхши учинчи ўрин соҳиблари ҳам чемпионлик учун курашни давом эттириш имкониятига эга бўлди.

2026 йилги мундиал индивидуал рекордларга ҳам бой бўлмоқда. Аргентина терма жамоаси сардори Лионель Месси ўз фаолиятида олтинчи Жаҳон чемпионатида майдонга тушган тарихдаги илк футболчи бўлди. У шунингдек, мундиаллар тарихида энг кўп гол урган (ҳозирча 18 та) футболчига айланди.

Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду эса кетма-кет олти Жаҳон чемпионатида гол урган илк футболчига айланди. Бу натижа унинг 40 ёшдан ошганига қарамай, юқори даражадаги барқарорлиги ва узоқ йиллик фаолиятининг ёрқин намунаси ҳисобланади.

Ўзбекистон футболи учун ҳам 2026 йилги мундиал тарихий аҳамият касб этди. Аббосбек Файзуллаев Колумбияга қарши баҳсда бош билан гол уриб, XXI аср Жаҳон чемпионатлари тарихида бош билан гол урган энг паст бўйли (167 см) футболчи сифатида қайд этилди.

Шу билан бирга, мексикалик Гильермо Очоа олтинчи мундиал таркибига киритилган илк дарвозабонга айланди. Шунингдек, Лука Модрич, Мануэль Нойер ва Юто Нагатомо каби тажрибали футболчилар эса ўзларининг бешинчи Жаҳон чемпионатида иштирок этиб, юқори савиядаги барқарор фаолиятини яна бир бор намойиш этмоқда.

2026 йилги Жаҳон чемпионати футбол тарихидаги энг кўп томошабин жалб қилган мусобақага айланди. Маълумотларга кўра, мусобақа бошланганига икки ҳафта ўтмай, АҚШ, Мексика ва Канада майдонларида ўтказилган ўйинларни 3,6 миллиондан ортиқ мухлис жонли кузатган.

ФИФА маълумотига кўра, Германия–Эквадор ва Кот-д’Ивуар–Кюрасао ўйинларидан кейин умумий ташриф 3 миллион 605 минг 357 нафарга етган. Шу тариқа, аввал 1994 йил АҚШда ўрнатилган 3 миллион 587 минг 538 томошабинлик рекорд янгиланди.

Бу натижа 2026 йилги мундиални нафақат спорт, балки оммавий маданий ҳодиса сифатида ҳам янги даражага кўтарганини кўрсатмоқда. Турнир ҳали 1/32 финал босқичига ҳам тўлиқ ўтмаган бўлса-да, томошабинлар сони бўйича рекорд ўрнатиб, тарихга кирди.

Шунингдек ўқинг

Мутахассислар фикрича, бундай юқори ташрифнинг асосий сабабларидан бири – турнир форматининг кенгайтирилиб, 32 жамоадан 48 тага оширилганидир. Бу эса гуруҳ босқичидаги ўйинлар сонини кўпайтириб, турли минтақалар жамоалари иштирокини кенгайтирди ва футболга бўлган қизиқишни оширди.

Яна бир муҳим омил – АҚШдаги замонавий ва катта сиғимли стадионлардир. Масалан, NFL ареналари (АҚШдаги профессионал футбол лигаси) 60–80 минг мухлисни қабул қила олади, Нью-Джерсидаги “MetLife Stadium” эса 82 минг 500 томошабин сиғими билан турнирнинг энг йирик майдонларидан бири ҳисобланади. Шу стадионда ўтказилган Германия–Эквадор ўйинини 80 минг 663 киши жонли томоша қилди ва бу умумий рекордга катта ҳисса қўшди.

Маълумотларга кўра, аввалги мундиалда – 2022 йил Қатардаги жаҳон чемпионатида стадионларнинг ўртача сиғими 45 минг атрофида бўлган. Шу сабабли, 2026 йилги турнирдаги ташриф даражаси кескин юқори бўлмоқда.

Ҳозирги кунда 2026 йилги жаҳон чемпионати 99,7 фоизлик стадион тўлиш даражаси билан ҳам рекорд ўрнатмоқда. Бу кўрсаткич футбол мухлисларининг глобал миқёсдаги қизиқиши жуда юқори эканини ифодалайди.

Шунингдек, ушбу мундиал футбол тарихида энг кўп гол урилган мусобақалардан бири сифатида қайд этилмоқда. Гуруҳ босқичи давомидаёқ 2022 йил Қатар мундиалида ўрнатилган 172 голлик рекорд янгиланиб, умумий кўрсаткич 173+ голга етди.

Бундай юқори самарадорликни бир нечта омиллар билан изоҳлаш мумкин. Биринчи навбатда, ҳар бир ўйинда ўртача 2,9–3,0 гол қайд этилиб, бу 1970 йилги ЖЧдан бери кузатилган энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Бу эса ўйинлар очиқ ва ҳужумкор услубда ўтаётганини кўрсатади.

2026 йилги Жаҳон чемпионатида голлар сони кескин ошиши билан бирга, “Golden Boot” (“Олтин бутса”) учун кураш ҳам ўта қизғин тус олмоқда. Турнирнинг дастлабки ўйинларидаёқ бир қатор футболчилар бомбардирлар рўйхатига кириб, чемпионатнинг асосий юлдузларига айланмоқда.

Ҳозирча Аргентина терма жамоаси сардори Лионель Месси энг яхши бомбардир сифатида етакчилик қилмоқда. У Аргентина терма жамоасининг икки ўйинида киритилган барча 5 голга муаллифлик қилиб, битта хет-трик ва битта дубл қайд этди. Шу билан бирга, норвегиялик Эрлинг Ҳоланд (4 та), франциялик Килиан Мбаппе (4 та), бразилиялик Винисиус Жуниор (3 та) ҳам “Олтин бутса” учун асосий даъвогарлар қаторида қайд этилмоқда.

Жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичи якунлангани сари плей-офф ўйинлари ҳам аниқлашиб бормоқда. 26 июнь ҳолатига кўра, 1/16 финал босқичи учун бир қатор муҳим жуфтликлар шаклланиб улгурди ва уларнинг айримлари ҳозирданоқ турнирнинг қизиқарли учрашувлари сифатида баҳоланмоқда.

Ҳозирча маълум бўлган энг диққатга сазовор қарама-қаршиликлар қаторида Нидерландия–Марокаш, Бразилия–Япония, ЖАР–Канада ҳамда АҚШ–Босния ва Герцеговина учрашувлари алоҳида ажралиб турибди. Бу баҳсларда Европа ва Жанубий Америка грандлари билан бир қаторда Африка, Осиё ва Шимолий Америка жамоаларининг ҳам кучли рақобати кузатилиши кутилмоқда.

Шунингдек, Германия, Швейцария, Аргентина, Мексика каби терма жамоалар ҳозирча ўз рақибларини тўлиқ аниқлаб улгурмаган. Плей-офф босқичида интрига доим бўлиб келган, бу сафар ҳам чемпионатнинг кутилмаган “сенсация жамоалари” пайдо бўлиши шубҳасиз.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш