Logo

Украина ОАВ: Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини яширин иқтисодиётдан чиқариш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда

Сентябрь 19, 2025. 16:07 • 2 дақ

22
Украина ОАВ: Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини яширин иқтисодиётдан чиқариш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда

КИЕВ, 19 сентябрь. /"Дунё" АА/. Украинанинг "УкрАгроКонсалт" консалтинг агентлиги порталида "Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини яширин иқтисодиётдан чиқариш, уни шаффоф ва ишлаш учун қулай қилиш режалаштирилмоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигида қўшимча қиймат занжирини яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан танишди. Тақдимот давомида аграр соҳа самарадорлиги ошганига қарамай, бу секторда яширин иқтисодиётнинг улуши сезиларли даражада юқорилиги, яъни ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ҳаммаси ҳам расмий ҳисоботларда акс этмаслиги таъкидланди. Бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотларини сотишда қўшилган қиймат солиғи 12 фоизни ташкил этмоқда", – деб ёзилган мақолада.

Шунингдек, нашрда Халқаро валюта жамғармаси, малакали хорижий ва маҳаллий экспертлар иштирокида қишлоқ хўжалигини "соя"дан чиқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқилгани қайд этилган.

"Янги ташаббусларга кўра, 1 январдан бошлаб, қишлоқ хўжалиги корхоналари деҳқон ва фермерларга ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини (ғалла ва пахтадан ташқари) сотишда қўшилган қиймат солиғи ноль ставкада бўлади. Шу билан бирга, маҳсулотни етиштиришда уруғ, ўғит, ёқилғи, транспорт, электр каби харажатлар учун ҳисобга олинган ҚҚСни қайтариб бериш амалиёти ҳам сақланиб қолади. Натижада фермер ва деҳқонлар ихтиёрида йилига 300 миллиард сўм маблағ қолади, яна 400 миллиард сўмлик солиқни қайтариб олиш имконияти бўлади", – дея таъкидланган материалда.

Мақолада ёзилишича, бу енгилликлар соҳа вакилларининг шаффоф ишлашига туртки беради, жойларда йирик саноатлашган плантациялар ва қайта ишлаш корхоналарининг кўпайишига мустаҳкам замин яратади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш