“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Декабрь 03, 2025. 10:01 • 2 дақ
• 72АР-РИЁЗ, 5 декабрь. /“Дунё” АА/. Саудия Арабистонидаги Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан чоп этиладиган “OIC Journal” журналида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ва ислом маданиятига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
“OIC Journal” нашри ҳар чоракда араб, инглиз ва француз тилларида чоп этилади. Журналнинг Ўзбекистонда туризм соҳаси, мамлакатда ислом маданиятини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида эълон қилинган мақолада Самарқанд шаҳри ва бу ерда сўнгги йилларда ташкил этилган нуфузли анжуман ва форумлар ҳақида сўз юритилган.
Мақолада таъкидланишича, 2025 йил Самарқанд шаҳри Ислом дунёсининг маданият пойтахти этиб белгиланган. Ушбу воқеа муносабати билан шаҳарда қатор нуфузли тадбирлар ўтказилган. Жумладан, “Ислом олами маданий мероси: хаттотлик, мусиқа, шеърият ва ҳамжиҳатлик” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтган. Унда юқори даражадаги расмийлар, Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) таркибидаги давлатлар маданият вазирлари, халқаро ташкилот ва муассасалар масъуллари иштирок этган.
Конференция Самарқандни 2025 йилда ислом дунёсининг маданий пойтахти сифатида кенг нишонлаш доирасида Имом ал-Бухорийнинг илмий меросини кенг ёритиш ҳамда ҳадис илмлари соҳасидаги академик тадқиқотларни рағбатлантиришга қаратилган. Шу боис, ICESCO бош директори доктор Салим Ал-Малик маданият – халқларнинг ўзига хослигини ўзида мужассам этиши ва уларнинг цивилизациясининг пойдевори эканини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам.
“ICESCO ўзбек бахшичилик санъатини ушбу қадимий санъатнинг юксак мақоми, унинг бадиий қиймати, Ўзбекистон тарихидаги муҳим ўтиш даврлари билан боғлиқлиги ҳамда жамоавий хотирани асраб-авайлаш ва миллий ўзликни мустаҳкамлашдаги ролини эътироф этган ҳолда Ислом мероси рўйхатига киритган”, – дея фикр юритилган материалда.
Хива шаҳрида бўлиб ўтган IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали ҳақида ҳам батафсил маълумотлар келтирилган. Самарқандда ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ялпи йиғилиши ҳам муваффақиятли ташкил этилгани қайт этилган. Ушбу нуфузли сессия сўнгги 40 йил ичида илк бор ташкилот қароргоҳи – Париждан ташқарида ўтказилган.
Бундай форумлар халқаро илмий ҳамжамиятнинг Ўзбекистон маданий меросини ўрганишга бўлган қизиқишини оширишда муҳим ўрин тутади. Қолаверса, туризм соҳаси, маданий ва тарихий меросни тиклаш ва оммалаштириш бўйича Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирларга жаҳон ҳамжамияти эътибори ва ёрдамини жалб қилиш, Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлар, умуман, Ўзбекистоннинг сайёҳлик брендини тарғиб этишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“Asdaa Oman” газетаси: Ўзбекистон иқтисодиёти 7,5 фоизга ошиши кутилмоқда
Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбарининг Мисрга ташрифи етакчи ОАВда кенг ёритилди
Қирғизистон ОАВ: Ўзбекистоннинг маданий ютуқлари ва яхши қўшничилик сиёсати ҳақида ёзмоқда
Хитойнинг нуфузли “Синьхуа” ААда Ўзбекистон Президенти мақоласи эълон қилинди

