Logo

Ўзбекистоннинг янги тайинланган бош консули Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлигининг Жидда шаҳридаги бўлимида учрашув ўтказди

Март 21, 2025. 11:38 • 2 дақ

543
Ўзбекистоннинг янги тайинланган бош консули Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлигининг Жидда шаҳридаги бўлимида учрашув ўтказди

ЖИДДА, 21 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Жиддадаги янги тайинланган бош консули Сирожиддин Шамсутдинов Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги Жидда бўлими бош директорининг биринчи ўринбосари Аҳмад Муҳаммад Қутб билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги алоқаларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари хусусида фикр алмашилди.

Аҳмад Муҳаммад Қутб Ўзбекистон ва Саудия Арабистони раҳбарлари ўртасида ўрнатилган яқин дўстона ва ишончли муносабатлар туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилганини, барча соҳаларда яқин шериклик фаоллашиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Шу йил 7 март куни Жидда шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг навбатдан ташқари йиғилишида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг иштироки юқори баҳоланди.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар, хусусан, иқтисодиётни либераллаштириш, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий ва диний соҳалардаги ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди.

Саудия томони янги тайинланган бош консулга икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва консуллик-ҳуқуқий соҳаларда ўзаро манфаатли муносабатларни янада мустаҳкамлаш борасидаги фаолиятига ҳар томонлама амалий кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Сирожиддин Шамсутдинов шу кунга қадар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган. Дипломат 2017-2021 йилларда ҳам Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги бош консули вазифасида фаолият олиб борган. У Тошкент давлат шарқшунослик университети тамомлаган. Араб ва инглиз тилларида мукаммал сўзлашади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш