Ўзбекистонда “Al Jazeera” медиа-ҳафталиги бўлиб ўтди
Сентябрь 28, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 119ТОШКЕНТ, 28 сентябрь. /“Дунё” АА/. Тошкент шаҳрида “Al Jazeera Media Week” халқаро медиа-ҳафталиги ўз ишини якунлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир доирасида “Al Jazeera” медиа институтининг тажрибали мутахассислари ва тренерлари Ўзбекистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари журналистлари учун замонавий медиатехнологиялар ва журналистлик иши усулларига бағишланган амалий машғулотлар ўтказди.
Медиа-ҳафталик иштирокчиларга халқаро тажриба билан яқиндан танишиш, медиа соҳасидаги замонавий тенденцияларни ўрганиш ва янги касбий кўникмаларни амалиётда синаб кўриш учун қулай имконият яратди.
Бугунги кунда фақат тезкор ахборот узатишнинг ўзигина етарли эмас. Аудитория эътиборини ушлаб тура оладиган ишончли ва визуаль жиҳатдан жозибали контентни яратиш, уни турли рақамли платформаларга мослаштириш замонавий журналистиканинг муҳим талабларидан бирига айланмоқда.
Ҳафталик доирасидаги тренинлгарда айнан мана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Машғулот қатнашчилари сунъий интеллектдан фойдаланиш, рақамли сторителлинг, мобил журналистика, моушн-дизайн ва телевизион янгилик сюжетларини тайёрлаш каби йўналишлар бўйича назарий билимлар билан бирга амалий кўникмаларга ҳам эга бўлди.
Тренингларни “Al Jazeera” медиа институти мутахассислари олиб борди. Қатарнинг Доҳа шаҳрида жойлашган мазкур институт 2004 йилда ташкил этилган бўлиб, медиа ва коммуникациялар соҳасида ихтисослаштирилган таълим дастурларини амалга ошириб келмоқда. Институт маълумотларига кўра, унинг ташкил этилишидан буён турли ўқув курсларида 75 мингдан ортиқ киши иштирок этган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




