Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик салоҳияти Исломободда намойиш этилди
Ноябрь 02, 2026. 11:30 • 3 дақ
• 82ИСЛОМОБОД, 2 ноябрь. / “Дунё” AA/. Покистон пойтахти Исломобод шаҳрида “International Silk Route Festival – 2026” халқаро фестивали бўлиб ўтди,деб хабар бермоқда “Дунё” AA мухбири.
Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Покистон Бош вазирининг туризм масалалари бўйича маслаҳатчиси Сардар Ясир Иляс Хан, Покистон Туризмни ривожлантириш корпорацияси раҳбари Афтаб Ур Реҳман Рана, Шри-Ланка ва Малайзия туризм идоралари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, маҳаллий ва хорижий туристик компаниялар, меҳмонхона бизнеси вакиллари, оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Мамлакатимизнинг Покистондаги элчихонаси томонидан фестиваль майдонида Ўзбекистон павильони ташкил этилди.
Ўзбекистон миллий стендида мамлакатимизнинг зиёрат, маданий, гастрономик, тиббий, ишбилармонлик ва MICE-туризм йўналишларидаги салоҳияти, ривожланган туристик инфратузилмаси, замонавий хизматлар ҳамда сайёҳлик манзилгоҳлари намойиш этилди.
Шунингдек, дипломатлар томонидан Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига доир тақдимотлар ўтказилди. Уларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича замонавий лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
“Uzbekistan Airways” ва “Centrum Air” авиакомпаниялари Ўзбекистон ва Покистон ўртасида ҳафтасига тўққизта тўғридан-тўғри авиақатновни амалга ошираётгани, йўналишлар тармоғини кенгайтириш, қулай алоқа ва хизматларни таклиф этиш бўйича ишлар давом этаётгани таъкидланди.
Тадбир доирасида Покистон ва бошқа мамлакатларнинг етакчи туроператорлари, инвесторлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан B2B форматида учрашувлар ўтказилди.
Ўзбекистон павильонига Покистон Бош вазирининг туризм масалалари бўйича маслаҳатчиси Сардар Ясир Иляс Хан ташриф буюрди. У Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини ва мамлакатимиз раҳбарияти томонидан хорижий сайёҳларни жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишларни юксак баҳолади.
– Туризмни иқтисодиётнинг драйвер соҳасига айлантириш борасида Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш биз учун ҳар томонлама фойдали бўлади, – деди Покистон Бош вазирининг маслаҳатчиси. – Хусусан, Ўзбекистон Покистондан ҳам сайёҳларни жалб этишда фаоллик кўрсатмоқда. Сўнгги икки йил ичида покистонликлар учун виза тартиби соддалаштирилди, Исломобод, Лаҳор ва Карачи шаҳарларига тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди. Ўзбекистон элчихонаси томонидан Покистон ҳудудларида мунтазам тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Биз Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Покистон ҳукумати ҳамда хусусий сектор вакиллари иштирокида махсус ишчи гуруҳ ташкил этмоқдамиз.
Анжуманнинг иккинчи кунида “Ипак йўлида туризм, савдо ва инвестициялар” мавзусида мулоқот сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев нутқ сўзлаб, мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича тўхталди. Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги тарихий-маданий муштараклик, умумий мерос ва халқлар ўртасидаги анъанавий дўстлик алоқаларини туризм, савдо, инвестициялар ҳамда минтақавий боғлиқлик соҳаларидаги амалий ҳамкорликка айлантириш вақти келганини таъкидлади.
Дипломатик миссия раҳбари, шунингдек, Янги Тошкент лойиҳаси доирасида барпо этилаётган замонавий шаҳарсозлик инфратузилмаси, бизнес ва инвестициялар учун очилаётган янги имкониятларга алоҳида тўхталиб ўтди ҳамда Покистон компаниялари ва инвесторларини туристик, инфратузилмавий ва бошқа истиқболли лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақирди.
Қувонарлиси, Ўзбекистон павильони икки кун давомида покистонликлар ва Исломобод шаҳри меҳмонлари билан гавжум бўлди. Уларга Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган журналлар, брошюралар, буклетлар ва бошқа тарқатма материаллар тарқатилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





