Британия кенгаши ўзбекистонлик хотин-қизларнинг Абердин университетида ўқиши учун 200 минг фунт стерлинг ажратди
Ноябрь 24, 2026. 19:30 • 2 дақ
• 16
АБЕРДИН, 24 ноябрь. /“Дунё” АА/. Шотландиядаги Абердин университети 2027 йилда ўзбекистонлик хотин-қизларни магистратурада ўқитиш учун Британия кенгашидан 200 минг фунт стерлинг миқдорида маблағ олди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири олий таълим муассасаси ахборотига таяниб.
Ушбу маблағ “Going Global Partnerships Women in STEM” стипендия дастури доирасида ажратилди. Дастурга кўра, ўзбекистонлик беш нафар хотин-қиз университетнинг магистратура дастурларида таҳсил олиш имкониятига эга бўлади. Грантлар ўқиш, яшаш ва бошқа тегишли харажатларни тўлиқ қоплайди.
Дастур фан, технология, муҳандислик ва математика (STEM)нинг устувор йўналишлари: соғлиқни сақлаш ва ҳаёт ҳақидаги фанлар, иқлим ўзгариши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, энергетика, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ҳамда инфратузилма бўйича ўқишни истаган хотин-қизларга мўлжалланган.
“Going Global Partnerships Women in STEM” - Британия кенгашининг халқаро стипендия дастури ҳисобланади. У иштирокчи мамлакатлардан бўлган аёлларга Буюк Британия университетлари ва илмий-тадқиқот институтларида STEM йўналишлари бўйича магистрлик даражасини олишга кўмаклашади.
Университет маълумотларига кўра, мазкур ташаббус ўзбекистонлик хотин-қизларнинг Британияда таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг касбий ва илмий-тадқиқот салоҳиятини юксалтириш ҳамда илмий-техник соҳаларда аёллар улушини оширишга хизмат қилиши лозим.
Абердин университети ушбу дастурни Ўзбекистон тараққиётининг устувор тармоқлари учун кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ муҳим омил сифатида баҳоламоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси