Мундиал–2026: 48 жамоа орасидан Испания чемпион!
Июль 20, 2026. 11:30 • 3 дақ
• 276НЬЮ-ЙОРК, 20 июль. /“Дунё” АА/. АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтган 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати ўз ниҳоясига етди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тарихда илк бор 48 та миллий терма жамоа иштирок этган мундиал нафақат янги формат, балки кескин баҳслар, тарихий рекордлар ва ёрқин индивидуал натижалари билан ҳам ёдда қолди.
Турнир финалида Испания терма жамоаси амалдаги жаҳон чемпиони Аргентинани қўшимча вақтда 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, ўз тарихида иккинчи бор жаҳон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди.
“MetLife” стадионида бўлиб ўтган ҳал қилувчи учрашувнинг асосий вақтида ҳисоб очилмади. Беллашув тақдирини қўшимча бўлимларда Ферран Торрес ҳал қилди. Унинг 106-дақиқада урган ягона голи Испанияга тарихий ғалабани тақдим этди. Шу тариқа испанлар 2010 йилдан кейин иккинчи марта жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Аргентина эса ўз тарихидаги еттинчи Жаҳон чемпионати финалида тўртинчи марта мағлубиятга учради.
Турнир якунларига кўра, Испания миллий терма жамоаси вакиллари деярли барча асосий индивидуал совринларни қўлга киритди. Мусобақанинг энг яхши футболчиси деб жамоа сардори Родри эътироф этилди. У бутун турнир давомида барқарор ва юқори савиядаги ўйини билан Испаниянинг чемпионлигига катта ҳисса қўшди. Бу муваффақият орқали Родри Жаҳон чемпионлиги, Чемпионлар лигаси ва “Олтин тўп” совринларини қўлга киритган футболчиларнинг ноёб рўйхатига кирди.
Мундиалнинг энг яхши дарвозабони соврини ҳам Испания вакили Унаи Симонга насиб этди. Тажрибали посбон 8 та учрашувнинг 7 тасида дарвозасини дахлсиз сақлади ва мусобақа давомида атиги битта гол ўтказиб юборди. У бир мундиал доирасида энг кўп “қуруқ” ўйин ўтказиш ҳамда дарвозаси дахлсизлигини сақлаш давомийлиги бўйича Жаҳон чемпионатлари тарихида янги рекордларни ўрнатди.
Энг яхши ёш футболчи соврини Испаниянинг яна бир иқтидорли вакили – 19 ёшли Пау Кубарсига топширилди. Турнир олдидан бу мукофотга асосий даъвогар сифатида Ламин Ямал кўрсатилган бўлса-да, якунда ҳакамлар танлови Кубарси фойдасига ҳал бўлди.
Мусобақанинг энг яхши тўпурари эса Франция терма жамоаси ҳужумчиси Килиан Мбаппе бўлди. У мундиал давомида 10 та гол уриб, Жаҳон чемпионатлари тарихидаги умумий голлари сонини 22 тага етказди ва мазкур кўрсаткич бўйича рекордчилик мавқеини янада мустаҳкамлади.
Учинчи ўрин учун кечган баҳс ҳам мухлисларга ҳақиқий голлар шоуини тақдим этди. Англия Францияни 6:4 ҳисобида мағлуб этиб, бронза медалларини қўлга киритди.
Энди футбол мухлислари ва мутахассислари эътиборини 2030 йилги Жаҳон чемпионатига қаратади. Навбатдаги мундиал тарихда илк бор уч қитъа ва олтита мамлакатда ўтказилади. Турнирнинг асосий ўйинларига Испания, Португалия ва Марокаш мезбонлик қилади. Шу билан бирга, Жаҳон чемпионатининг 100 йиллиги муносабати билан очилиш босқичидаги учта учрашув Уругвай, Аргентина ва Парагвайда бўлиб ўтади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



