2030 йилги мундиалда 64 та терма жамоа иштирок этиши мумкин

Июль 13, 2026. 18:30 • 2 дақ

155
2030 йилги мундиалда 64 та терма жамоа иштирок этиши мумкин

ЦЮРИХ, 13 июль. /“Дунё” АА/. FIFA президенти Жанни Инфантино 2030 йилдан бошлаб жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини 64 та терма жамоагача ошириш имконияти кўриб чиқилишини маълум қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “ESPN” канали маълумотига таяниб.

 “Жаҳон чемпионати – бу бутун дунё мусобақаси. Шу боис, ушбу мусобақа фақат Европа ёки Жанубий Америка учун эмас, балки барча мамлакатларга қатнашиш имконияти яратиши лозим”, – деган Жанни Инфантино.

FIFA раҳбарининг маълум қилишича, дунёнинг турли минтақаларида миллий терма жамоалар савияси тобора юксалиб бормоқда. Жаҳон чемпионатида иштирок этиш имкониятининг чеклангани футболи ривожланаётган мамлакатларнинг янада тараққий этишга бўлган интилишини сусайтириши мумкин.

Жанни Инфантинонинг мазкур баёноти илк бор 48 та жамоа иштирокида ўтказилган жаҳон чемпионати якунланган вақтда янгради. Унинг сўзларига кўра, мусобақа юқори рақобат муҳити ва кутилмаган натижалари билан кутилганидан ҳам муваффақиятли ўтган.

Мутахассислар иштирокчилар сонини 64 тага етказишнинг ижобий томонлари сифатида гуруҳ босқичини янада соддалаштириш ва аввал жаҳон чемпионатига камдан-кам йўлланма олган мамлакатлар терма жамоалари учун имкониятларни кенгайтиришни қайд этмоқда. Шу билан бирга, футбол экспертлари ўйинчиларга тушадиган юклама ортиши, учрашувлар сони кўпайиши ҳамда мусобақа нуфузига таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

Шунингдек ўқинг

64 та жамоа иштирок этадиган форматда гуруҳ босқичидаги ўйинлар сони 72 тадан 96 тагача ошиши мумкин. Бу эса кўпроқ стадионлар ва кенг қамровли инфратузилмани талаб этади.

Эслатиб ўтамиз, FIFA аввал ҳам жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини босқичма-босқич кенгайтирган. Хусусан, 1982 йилда жамоалар сони 16 тадан 24 тага, 1998 йилда 32 тага, 2026 йилдан эса 48 тага етган.

Ушбу чемпионат ўйинларида томошабинлар ташрифи билан боғлиқ айрим саволлар ҳам пайдо бўлди. Хусусан, Лионель Месси иштирок этганига қарамай, Аргентина ва Швейцария терма жамоалари ўртасидаги чорак финал баҳсида АҚШдаги “Arrowhead” стадионида кўплаб бўш ўринлар қолган.

Шунингдек, Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалия терма жамоаси мусобақани эрта тарк этгач, чорак финал ўйинлари учун иккиламчи бозорда чипталар нархи 2 950 доллардан тахминан 1 200 долларгача арзонлаган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш