Logo

Элдор Туляков: Ўзбекистоннинг янгиланган тараққиёт стратегияси кенг жамоатчилик маслаҳатлашувлари асосида шакллантирилади

Январ 07, 2026. 08:15 • 3 дақ

491
Элдор Туляков: Ўзбекистоннинг янгиланган тараққиёт стратегияси кенг жамоатчилик маслаҳатлашувлари асосида шакллантирилади

ТОШКЕНТ, 7 январь. /“Дунё” АА/. “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков “Дунё” АА мухбирига “Ўзбекистон – 2030” стратегияси нима учун такомиллаштирилаётгани ҳақида фикр билдирди:

– Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш вазифасини қўйган эди. “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатни ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган йўналишларини белгилаб берувчи муҳим дастурий ҳужжатдир. Унда ислоҳотларнинг умумий мантиғи, Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг устувор мақсадлари ва амалий механизмлари жамланган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, давлат бошқаруви, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида салмоқли натижаларга эришилди. Бу жараёнда албатта “Ўзбекистон – 2030” стратегияси муҳим манбаа бўлиб ҳизмат қилди. Бироқ жамият ҳаёти ва глобал жараёнлар доимий равишда янгиланиб бормоқда. Янги иқтисодий шароитлар, технологик ўзгаришлар ва халқаро майдондаги динамика давлат сиёсати олдига янги вазифаларни қўймоқда.

Шу боис “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини мавжуд реал шароит, аҳоли эҳтиёжлари ҳамда замон талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш зарурати юзага келмоқда.

Такомиллашаётган стратегиянинг марказида давлат раҳбари томонидан илгари сурилган асосий ғоя – “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил туради. Янги таҳрирда стратегия ушбу ғояни амалий мазмун билан бойитиб, мамлакат ривожланишини янада самарали, натижага йўналтирилган ва ҳисобдор тизим асосида давом эттиришни кўзлайди.

Стратегияни такомиллаштириш жараёнида унинг доирасида эришилган натижалар чуқур таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар инобатга олинмоқда. Шу билан бирга, мақсадларга эришишни аниқ ўлчаш имконини берувчи самарадорлик кўрсаткичлари қайта кўриб чиқилмоқда. Ҳар бир аниқ мақсад учун масъул давлат органи белгиланиб, зарур молиявий манбалар очиқ кўрсатилиши стратегия ижросида жавобгарлик ва ҳисобдорликни кучайтиради.

Яна бир муҳим жиҳат – стратегиянинг ҳар бир фуқаро учун тушунарли ва ҳаётий бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси шундай шакллантирилмоқдаки, ҳар бир инсон ундан ўз ҳаёти, оиласи ва фарзандлари келажаги учун қандай амалий фойда борлигини кўра олсин. Яъни стратегия умумий шиорлар эмас, балки кундалик ҳаётда сезиладиган аниқ ўзгаришлар манбаи бўлиши лозим.

Стратегияда белгиланган ўрта муддатли мақсадларнинг самарадорлик кўрсаткичлари янги иқтисодий, ижтимоий ва технологик чақириқларга мос равишда янгиланмоқда. Шунингдек, ижрони мониторинг қилиш тизимини тўлиқ рақамлаштириш орқали шаффофликни таъминлаш, қарор қабул қилишда аниқ маълумотларга таяниш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, соҳа, тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган барча стратегик ҳужжатларни “Ўзбекистон – 2030” стратегияси билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу давлат сиёсатининг яхлитлиги ва натижавийлигини таъминлайди.

Энг муҳим принципиал жиҳатлардан бири – стратегиянинг халқ билан маслаҳатлашув асосида такомиллаштирилишидир. Лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, аҳоли, экспертлар ва фуқаролик жамияти институтларининг таклифлари инобатга олинади. Чунки фақат жамоатчилик фикрини ўзида акс эттирган ҳужжатгина ҳаётий ва самарали бўлиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилиши – бу мавжуд ислоҳотларни чуқурлаштириш, замон талабларига мослаштириш ва уларнинг халқ ҳаётидаги амалий самарасини оширишга қаратилган изчил жараёндир. Энг муҳими, ушбу стратегия аввало халқимиз фаровонлигига хизмат қиладиган умуммиллий тараққиёт дастури сифатида шакллантирилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Nargiza Saidaliyeva

nargiza@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Default Avatar

Материал муаллифи

Samandar Xodjiyev

samandar@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш