“Financia Digital News”: Ўзбекистон экспорти барқарор ўсиш суръатларини намоён этмоқда
Июль 20, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 234
ИСЛОМОБОД, 20 июль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Financia Digital News” онлайн нашрида Ўзбекистон экспорти имкониятларига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига таяниб маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг 2026 йилнинг дастлабки беш ойидаги экспорти 12,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Бу мамлакатнинг халқаро савдодаги барқарор ўсиши, минтақавий ва жаҳон бозорлари билан иқтисодий алоқалари мустаҳкамланаётганини ифодалайди.
Мақолада жорий йилнинг январь–май ойларида Россия Ўзбекистоннинг энг йирик экспорт бозори бўлгани, ушбу даврда Россия Ўзбекистондан 1,9 миллиард АҚШ доллари миқдорида маҳсулот импорт қилгани қайд этилган. Бу кўрсаткич, глобал иқтисодий шароит ўзгариб бораётганига қарамай, икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам савдо муносабатларини кўрсатади.
Хитой Ўзбекистон маҳсулотлари учун иккинчи энг йирик экспорт бозори бўлиб, ушбу мамлакатга экспорт ҳажми 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Хитой томонидан сақланиб қолаётган юқори талаб икки томонлама савдонинг аҳамияти ортиб бораётганини, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, саноат хом ашёси, тўқимачилик ва тайёр саноат маҳсулотлари савдосида яққол намоён бўлаётганини кўрсатади.
Европа бозорлари ҳам Ўзбекистон экспорти таркибида муҳим ўринни сақлаб қолди. Франция мамлакатнинг тўртинчи йирик экспорт бозори бўлиб, беш ой давомида Ўзбекистондан 626,2 миллион АҚШ долларилик маҳсулот импорт қилди.
“Яна бир муҳим минтақавий ҳамкор ҳисобланган Қозоғистонга экспорт ҳажми 573,7 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Туркияга эса 500,8 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинди. Бу рақамлар Ўзбекистоннинг Евроосиё ва Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорлиги кенгайиб бораётганини кўрсатади”, – дейилган манбада.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Ўзбекистон экспорт бозорларини диверсификация қилиш мамлакатнинг халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш, минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари самарасидир.
Мақола хулосасида таъкидланишича, экспорт бўйича сўнгги натижалар Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш, логистика инфратузилмасини яхшилаш ҳамда халқаро бозорларда мамлакат маҳсулотларига бўлган барқарор талаб ҳисобига ўз мавқеини янада мустаҳкамлаб бораётганини кўрсатади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси