Logo

“Arab News” газетаси: Ўзбекистон ва Покистон ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказишни мақсад қилган

Февраль 06, 2026. 19:05 • 2 дақ

78
“Arab News” газетаси: Ўзбекистон ва Покистон ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказишни мақсад қилган

АР-РИЁЗ, 7 февраль. /“Дунё” АА/. Саудия Арабистонининг нуфузли “Arab News” газетаси Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янги босқичига бағишланган мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрнинг ёзишича, Исломободда бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Покистон ҳукуматлараро комиссиясининг (ҲК) 10-йиғилишида томонлар ўзаро савдо айланмасини 2 миллиард долларга етказиш бўйича институционал механизмларни тезлаштиришга келишиб олдилар. Тадбирга Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Покистон Бош вазирининг саноат ва ишлаб чиқариш бўйича махсус ёрдамчиси Ҳарун Ахтар Хон ҳамраислик қилди.

Мақолада таъкидланишича, Покистон ўзини Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғловчи минтақавий транзит ва савдо хаби сифатида намоён этишга интилмоқда. Ўзбекистон эса Покистон транзит савдо ва имтиёзли савдо тўғрисидаги битимларни имзолаган Марказий Осиёдаги биринчи стратегик шериги ҳисобланади. Музокаралар давомида логистикани яхшилаш, божхона жараёнларини рақамлаштириш ва минтақавий савдо йўлакларини ривожлантириш орқали савдони соддалаштириш чораларига асосий урғу берилди.

“Arab News” нашрининг қайд этишича, томонлар илк бор ишчи кучи мобиллиги ва виза масалалари билан шуғулланувчи меҳнат муносабатлари бўйича қўшма ишчи гуруҳини тузишга келишганлар. Шунингдек, транспорт соҳасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш ва минтақавий темир йўл лойиҳаларини, хусусан, муқобил транспорт коридорларини ривожлантириш масалалари диққат марказида бўлди.

ЭКомиссия иши доирасида ахборот технологиялари, банк-молия ва кичик бизнес йўналишларида ҳам ҳамкорликни кенгайтириш белгилаб олинди. Навбатдаги 11-йиғилиш Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган. Марказий Осиёнинг энг йирик истеъмол бозори бўлган Ўзбекистон Покистоннинг минтақавий инфратузилмани диверсификация қилиш стратегиясида марказий ўринни эгаллайди”,- дея хулоса қилган нашр.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш