Logo

Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш стратегияси Хитой ОАВ диққат марказида

Февраль 06, 2026. 18:46 • 2 дақ

78
Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш стратегияси Хитой ОАВ диққат марказида

ПЕКИН, 7 февраль. /“Дунё” АА/. Хитойнинг нуфузли “VICTWO” нашрида Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларга бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Қайд этилишича, 2025 йил якунларига кўра Ўзбекистон иқтисодиёти 7,7 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 147 миллиард доллардан ошди. Мамлакатга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43 миллиард долларга, экспорт эса 33,8 миллиард долларга етган. Хитой нашри Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида камбағалликка қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини ва бу борада Хитой тажрибасидан самарали фойдаланилаётганини алоҳида эътироф этган.

Мақолада келтирилган маълумотларга кўра, тизимли чора-тадбирлар натижасида 2025 йилда 366 минг оила камбағалликдан чиқарилган. Натижада камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга, ишсизлик эса 5,5 фоиздан 4,8 фоизга тушган. 2026 йил учун белгиланган устувор вазифалар доирасида 1 миллион кишини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш ҳамда ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизгача пасайтириш мақсад қилинган.

“Ўзбекистонда энг оғир тоифадаги 903 та маҳаллада қуввати 300 киловатт бўлган кичик қуёш электр станциялари қурилиб, маҳалла балансига бепул ўтказилади. Ушбу станциялардан тушадиган “яшил” даромадлар эҳтиёжманд оилалар уйларини таъмирлаш ва электр энергияси харажатларини қоплашга йўналтирилади. Яна 1000 та ихтисослашган маҳаллада эса бундай станциялар фоизсиз лизинг асосида ташкил этилади. Бу чоралар аҳоли турмуш сифатини ошириш ва маҳаллаларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлашда муҳим омил бўлади”, - дея таъкидланган мақолада.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш