Британия нашри Қорақалпоғистонни истиқболли экотуризм йўналиши сифатида эътироф этди
Июнь 22, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 68
ЛОНДОН, 22 июнь. /“Дунё” АА/. Британиянинг “Travel” онлайн-журналида Қорақалпоғистон экологик жиҳатдан саёҳатчилар учун энг истиқболли йўналишлардан бири сифатида эътироф этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақола муаллифи, Ўзбекистоннинг экология масалалари бўйича элчиси Софи Ибботсоннинг таъкидлашича, Орол денгизининг қуриши ва Оролқум саҳросининг пайдо бўлиши сабабли иқлим ўзгаришларининг олдинги сафида турган ҳудуд айни пайтда экотуризмни ривожлантириш ва барқарор ташаббуслар намунасига айланмоқда.
Халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ТД ва ЮНЕП кўмагида Қорақалпоғистонда биохилма-хилликни сақлаш, экотизимларни тиклаш ва маҳаллий ҳамжамиятлар иқтисодиётини ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилган. Экологик туризм минтақанинг иқлим муаммоларига эътиборни жалб қилиш ҳамда уларни молиялаштиришнинг муҳим воситаси сифатида кўрилмоқда.
Орол денгизига сайёҳлик йўналишлари, Оролқум бўйлаб жип-турлар, “Сайгачий” мажмуа ландшафт буюртмахонаси, Судочье кўллар тизими ва Қуйи Амударё давлат биосфера резерватида табиатни кузатиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, нашрда Қорақалпоғистоннинг бой маданий ва илмий салоҳияти, жумладан, Игорь Савицкий номидаги Давлат санъат музейи, минтақадаги экологик музейлар ҳамда минтақавий иқлим музейини яратиш бўйича амалга оширилаётган ташаббуслар қайд этилган.
Журналнинг ёзишича, экологик лойиҳалар ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирларида, хусусан, “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида иштирок этиш минтақанинг иқлим ўзгаришлари оқибатларига фаол мослашаётган ҳудуд сифатидаги ижобий халқаро обрўсини шакллантиришга ёрдам беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси