Иордания ОАВ: Тошкент халқаро инвестиция форуми 43,1 миллиард долларлик шартномалар имзоланиши билан якунланди
Июнь 22, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 150
АММАН, 22 июнь. /“Дунё” АА/. Тошкентда ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, сармоядорлар ва дунёнинг йирик компаниялари вакилларини жамлаган бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини якунлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Иорданиянинг “Petra” ахборот агентлиги маълумотига таяниб.
Форум якунида умумий қиймати 43,1 миллиард АҚШ долларига тенг 166 та инвестиция шартномаси имзоланди, шунингдек, қиймати 31,8 миллиард долларлик 139 та янги лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Тадбирда 10 минг 409 киши, жумладан, 102 мамлакатдан 3 минг 802 нафар хорижий делегат қатнашди. Анжуман дастури доирасида жами 79 та тадбир, жумладан, АҚШ, Хитой, Корея Республикаси, Туркия, Озарбайжон, Саудия Арабистони ва БАА вакиллари иштирокида мунозара сессиялари, инвестиция имкониятлари тақдимотлари ҳамда икки томонлама бизнес-форумлар ўтказилди.
Ташкилотчилар анжуманга халқаро миқёсда қизиқиш юқори бўлганини, уни 41 мамлакатдан 200 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари вакили ёритганини қайд этди.
Иштирокчилар форум натижалари Ўзбекистоннинг сармоявий жозибадорлиги ортиб бораётганидан ҳамда мамлакатнинг Марказий Осиёдаги асосий савдо ва инвестиция марказларидан бири сифатидаги мавқеи мустаҳкамланаётганидан далолат беришини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси