Озарбайжон элчиси Ўзбекистондаги дипломатик фаолиятини якунламоқда

Июль 07, 2026. 19:59 • 2 дақ

82
Озарбайжон элчиси Ўзбекистондаги дипломатик фаолиятини якунламоқда

ТОШКЕНТ, 7 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун мамлакатимиздаги дипломатик фаолиятини якунлаётган Озарбайжон элчиси Ҳусайн Гулиевни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Мамлакатимиздаги дипломатик миссиясини якунлаётган Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Гусейн Гулиев жаноблари билан хайрлашув учрашувини ўтказдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Элчига мамлакатимиздаги ўн тўрт йиллик самарали фаолияти давомида Ўзбекистон–Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган беқиёс ҳиссаси учун самимий миннатдорлик билдирдик.

Шу йиллар давомида у нафақат Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги муносиб вакили, балки дипломатик корпус дуайени сифатида ҳам юксак ҳурмат ва эътирофга сазовор бўлди.

Элчининг мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш йўлидаги хизматлари юртимизда муносиб баҳоланганини алоҳида қайд этдик. Давлатимизнинг юксак мукофотлари – “Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан тақдирлангани кўп йиллик самарали фаолиятининг юксак эътирофидир.

Гусейн Гулиев жанобларига Ўзбекистон–Озарбайжон ҳамкорлигини ривожлантириш йўлидаги фидокорона меҳнати учун яна бир бор самимий миннатдорлик билдириб, мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва келгуси фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаймиз”.

Эслатиб ўтамиз, 22 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжон элчиси Ҳусайн Гулиевни қабул қилган ва икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун уни “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирлаган эди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш