Logo

Ўзбекистон элчиси Германиядаги ватандош шифокорлар билан кўришди

Апрель 09, 2026. 11:13 • 2 дақ

68
Ўзбекистон элчиси Германиядаги ватандош шифокорлар билан кўришди

БЕРЛИН, 9 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатов Германияда фаолият юритаётган ўзбекистонлик шифокор ва ҳамширалар билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашув Бранденбург федерал ўлкасининг Бранденбург ан дер Ҳавел шаҳрида жойлашган “Asklepios Fachkliniken Brandenburg” клиникасида бўлиб ўтди.

Ташриф давомида Ўзбекистон дипломатлари тиббиёт муассасаси раҳбарияти ҳамроҳлигида ушбу масканда фаолият юритаётган ватандошлар учун яратилган меҳнат ва турар-жой шароитлари, иш жараёни ҳамда кундалик фаолият билан яқиндан танишди.

Шундан сўнг, ўзбекистонлик тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг ижтимоий-маиший эҳтиёжлари, хориждаги меҳнат фаолияти давомида дуч келаётган муаммолар, таклиф ва мулоҳазалари тингланди.

Хусусан, ватандошлар томонидан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар ва амалий таклифларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, жорий йилда мамлакатимизда ўтказилиши режалаштирилган Учинчи тиббиёт форумида иштирок этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув давомида элчихона вакиллари мавжуд муаммоларни ҳал этиш, ватандошларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг фойдали ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.

Шунингдек ўқинг

Шу билан бирга, “Asklepios Fachkliniken Brandenburg” раҳбарияти билан ўтказилган музокараларда тиббиёт соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, мазкур учрашувлар давлатимиз раҳбари томонидан хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда салоҳиятини мамлакат тараққиётига жалб этишга қаратилган изчил сиёсатнинг амалий ифодаси бўлди.

Куннинг иккинчи ярмида ватандошлар ва клиника жамоаси учун маданий тадбир ташкил этилди. Унда дипломатик корпус вакиллари, клиника раҳбарияти, немис тиббиёт ходимлари ҳамда ўзбекистонлик шифокор ва ҳамширалар иштирок этди.

Ватандош жамоат фонди кўмагида юртимиздан ташриф буюрган Халқлар дўстлиги ансамбли ижросидаги миллий куй-қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади. Самимий ва дўстона муҳитда ўтган мулоқотлар ўзбек ва немис тиббиёт ходимлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Бранденбургда ўтказилган мазкур учрашув нафақат ватандошларнинг ҳолидан хабар олиш, балки уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, мавжуд масалаларга ечим топиш ва ўзаро ҳамжиҳатликни кучайтиришга қаратилган муҳим амалий қадам бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш