Россияга кириш чекловлари ва миграция масалалари юзасидан музокара ўтказилди
Апрель 02, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 139
ВЛАДИВОСТОК, 2 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Владивостокдаги вакили вазифасини бажарувчи Евгений Волосастов билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат давомида Ўзбекистон томони 2026 йил 1 февралдан 25 мартгача бўлган вақт оралиғида айрим юртдошларимиз Владивосток халқаро аэропорти орқали Россияга киритилмагани ҳақида маълум қилди.
Айтилишича, Россия томони назоратни кучайтиргани ва қўшимча текширувлар жорий қилгани сабабли “Uzbekistan Airways” ва “Centrum Air” авиакомпаниялари парвозлар жадвалига ўзгартиш киритишга мажбур бўлган. Бу эса Ўзбекистондан келаётган йўловчилар сонининг камайишига олиб келган.
Бу ҳолат икки давлат ўртасидаги сайёҳлик алоқаларига ва савдо-иқтисодий ҳамкорликка ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. Жумладан, “Navobod Naslli Parranda” фермер хўжалиги ва “АгроПтица” компанияси ўртасидаги 20 миллион долларлик келишув доирасида Ўзбекистондан Приморье ҳудудига инкубация тухумларини етказиб бериш ишларига ҳам қийинчилик туғдирмоқда.
Шунингдек, учрашувда Приморье ҳудудида вақтинча бўлиб турган ватандошларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, миграция қоидаларини бузгани учун ушланган фуқаролар билан боғлиқ ҳолатлар муҳокама қилинди.
Ҳозирги кунда Россиядаги вақтинча сақлаш марказларида юз нафардан ортиқ ҳамюртимиз сақланаётгани маълум қилинди. Уларни тезроқ ватанга қайтариш масаласи кўриб чиқилди. Бош консулхонага айрим фуқароларни сақлаш муддати узайиб кетгани бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушаётгани айтилди.
Евгений Волосастов ўз навбатида бу масалаларни Приморье ҳудудидаги масъул идоралар билан биргаликда кўриб чиқишга ва вазиятни яхшилаш учун қўшимча музокаралар ўтказишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, у Ўзбекистон томони билан ҳамкорликни давом эттириш ва минтақадаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси