Қатардан қутлов: Ўзбекистон – ташриф буюришга арзийдиган бетакрор ва жозибадор мамлакат
Сентябрь 01, 2026. 14:30 • 3 дақ
• 20ДОҲА, 1 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Қатардаги туризм бренди элчиси Холид ал-Бинали ҳамда Доҳа фан ва технологиялар университети ректори Салим бин Носир ал-Наимий юртимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали халқимизга самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади:
Холид Ал-Бинали, Ўзбекистоннинг Қатардаги туризм бренди элчиси:
– 1 сентябрь – Ўзбекистоннинг Мустақиллик куни. Бу сана ўзбек халқи ҳаётида алоҳида ўрин тутувчи, қадрли ва улуғ миллий байрамдир.
Бутун мамлакат халқини истиқлол шодиёнаси билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!
Ўзбекистон саёҳат қилишга арзийдиган бетакрор ва жозибадор мамлакатдир. Мен бу диёрни Марказий Осиёнинг ҳақиқий гавҳари сифатида кўраман.
Бугун юртингиз дунё учун очиқ ва меҳмондўст мамлакат сифатида тобора кўпроқ сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда. Саёҳатчилар учун яратилган қулай шароитлар туфайли мамлакатга ташриф буюриш осонлашиб бормоқда.
Ўзбек халқининг меҳмондўстлиги алоҳида эътирофга лойиқ. Ватандошларингиз хорижлик меҳмонларни самимий кутиб олади, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатади. Бу меҳмондўстлик Ўзбекистонга ташриф буюрган ҳар бир инсонда унутилмас таассурот қолдиради.
Мамлакатнинг табиати ҳам ниҳоятда гўзал ва хилма-хил. Гўзал дарёлар, мафтункор тоғлар, бетакрор манзаралар, қадимий шаҳарлар Ўзбекистонни сайёҳлар учун янада жозибадор қилади.
Ўзбек миллий таомлари ҳақида ҳар қанча гапирсанг, оз. Палов, сомса, шашлик ва бошқа миллий таомлар ўзининг бетакрор таъми билан ҳар бир меҳмонни ҳайратга солади.
Шу боис доимо барчани Ўзбекистонга саёҳат қилишга, унинг бой тарихи, гўзал табиати, ноёб маданияти ва меҳмондўст халқини яқиндан кашф этишга таклиф қиламан.
Яна бир бор Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги қутлуғ бўлсин!
Салим бин Носир ал-Наимий, Доҳа университети ректори:
– Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Ўзбекистон халқини мустақиллик айёми билан чин юракдан табриклайман.
Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги дўстона, мустаҳкам ва изчил ривожланиб бораётган муносабатларни юксак қадрлаймиз.
Яқинда олий таълим муассасасида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир муҳим натижасига гувоҳ бўлдик. Наманган вилоятидан келган 15 нафар касб-ҳунар мутахассиси университетимизда бешта касбий йўналиш бўйича малака ошириш ва қайта тайёрлаш дастурини муваффақиятли тамомлади. Улар учун тантанали битирув маросими ташкил этилди.
Мазкур қўшма ташаббус Ўзбекистон ва Қатар ўртасида билим, тажриба ва касбий кўникмалар алмашинувини ривожлантириш борасидаги ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.
Биз ушбу ҳамкорликни давом эттириш ва Ўзбекистон учун янада кўпроқ малакали мутахассислар тайёрлашга тайёрмиз. Ишонаманки, бу каби қўшма лойиҳалар икки мамлакат ўртасидаги таълим ва касбий тайёргарлик соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон халқига тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик, доимий тараққиёт ва улкан муваффақиятлар тилайман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

