Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишидаги нутқи
Сентябрь 01, 2026. 13:55 • 5 дақ
• 37
(2026 йил 1 сентябрь, Бишкек ш.)
Ҳурматли Садир Нурғожоевич!
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Қирғиз Республикаси Президенти, ҳурматли Садир Нурғожоевич Жапаровга самимий қабул ва саммитни юксак даражада ташкил этгани учун чин дилдан миннатдорлик изҳор этаман.
Қардош қирғиз халқини давлат суверенитетининг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.
Биз Қирғизистоннинг ишонч билан жадал ривожланиб бораётгани ва унинг халқаро майдондаги нуфузи изчил мустаҳкамланаётганини кўриб турганимиздан мамнунмиз.
Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллиги куни муносабати билан билдирилган эзгу тилаклар учун барчангизга миннатдорлик билдираман.
Қозоғистон Республикаси Қурултойининг биринчи сессияси очилиши муносабати билан ҳурматли Қосим-Жомарт Кемелевич Тоқаевга билдирилган табрикларга қўшиламан.
Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
Биз Қирғизистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги даврида эришилган самарали натижаларни юксак баҳолаймиз, бугунги мажлис кун тартиби ва қарорлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаймиз.
Ушбу саммит ШҲТ ташкил этилганининг 25 йиллиги нишонланаётган йилда бўлиб ўтмоқда.
Ҳамкасбларимнинг ўтган чорак аср давомида ушбу ташкилот ўзининг зарурлиги ва самарадорлигини намоён этди деган фикрларига тўлиқ қўшиламан.
Ташкилот “Шанхай руҳи” тамойилларига амал қилган ҳолда, тенг ҳуқуқли мулоқотни таъминлади, минтақавий барқарорлик ва мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишига кўмаклашди.
Ўзбекистон ШҲТ ташкил этилган дастлабки кунлардан бошлаб унинг очиқ, блоклардан холи ва тинчликсевар ҳамкорлик платформаси сифатида мустаҳкамланишини изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Биз ҳамкорлигимиз марказида ШҲТнинг географик ва стратегик ўзаги бўлган Марказий Осиё турганини алоҳида қадрлаймиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Учрашувимиз геосиёсий бўлиниш, ишонч тақчиллиги ортиб бораётган, можаролар кескинлашаётган ва халқаро ҳуқуқ емирилаётган бир даврда ўтмоқда.
Яқин Шарқдаги вазиятнинг ривожи алоҳида ташвиш уйғотмоқда.
Биз минтақада мулоқотни қайта тиклаш ва кескинликни юмшатишнинг қатъий тарафдоримиз.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
ШҲТ олдида турган энг долзарб вазифаларга тўхталиб ўтмоқчиман.
Бугунги кунда нафақат юзага келаётган муаммоларни самарали ҳал этиш, балки узоқ муддатли истиқболда Ташкилотни қандай ҳолда кўришни исташимизни аниқ тасаввур қилишимиз ҳам муҳимдир.
Давлатларимизнинг рақобатбардошлиги уларнинг салоҳиятларини бирлаштириш ва биргаликда ривожланиш учун янги имкониятлар яратишга тайёрлигига тўғридан-тўғри боғлиқ.
Ишончим комилки, ШҲТ мамлакатларининг улкан инсоний, табиий, ишлаб чиқариш ва интеллектуал ресурслари, энг аввало, халқларимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши лозим.
Шу боис, “ШҲТ – 2040: умумий тараққиёт макони” концептуал қарашини ишлаб чиқишга киришишни таклиф этаман.
Унинг асосий мақсади инвестициялар, технологиялар ва билимлар эркин алмашиниладиган, йирик инфратузилма ва саноат лойиҳалари амалга ошириладиган, минтақалар, бизнес ва одамлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар кенгайиб борадиган ўзаро боғлиқ ва барқарор маконни шакллантиришдан иборат бўлиши лозим.
Иқтисодий соҳа ШҲТ самарадорлигининг муҳим устувор йўналиши ва бош кўрсаткичи ҳисобланади.
Сўнгги йилларда бизнес ҳамкорлигимизнинг географияси ва йўналишлари барқарор равишда кенгайиб бормоқда.
Ўзбекистонда ШҲТ мамлакатлари билан биргаликда бир ярим мингдан ортиқ қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда, ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми ортмоқда.
Ушбу динамикани кўп томонлама қўшилган қиймат занжирларини барқарор ривожлантиришга йўналтириш зарур.
Шу мақсадда махсус иқтисодий зоналар, ишлаб чиқариш жараёнлари, сотув бозорлари ва логистикани бирлаштирадиган ШҲТ Саноат кооперацияси харитасини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Натижада бизнес, инвесторлар ва давлат тузилмалари учун амалда универсал рақамли дарча пайдо бўлади.
Ҳозирнинг ўзидаёқ умумий тамойилларни келишиш босқичидан ШҲТ Тараққиёт банкини амалда ишга туширишга ўтиш зарур деб ҳисоблаймиз.
Ушбу институт фаолияти умумминтақавий аҳамиятга эга бўлган, ҳаётга татбиқ этиш учун тайёр инвестиция таклифларига таяниши лозим.
Ҳукумат раҳбарлари кенгаши транспорт, энергетика, саноат кооперацияси ва рақамли инфратузилма соҳаларидаги устувор лойиҳалар портфелини танлашни бошлаши керак.
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин жанобларининг Сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича бутунжаҳон ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини олқишлаймиз.
Ўйлайманки, ШҲТ ушбу янги технологик альянснинг биринчи ҳамкорлари қаторида бўлиши керак.
Сунъий интеллектни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш мақсадида ШҲТнинг очиқ кўп тилли маълумотлар корпусини шакллантириш тўғрисида қарор қабул қилишни ҳам таклиф этамиз.
Бундан ташқари, келгуси йили Тошкентда ШҲТнинг сунъий интеллект ва янги рақамли ечимлар бўйича форумини ўтказишга тайёрмиз.
Азиз дўстлар!
Иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф-хатарлар мамлакатларимизнинг озиқ-овқат, сув ва энергетик хавфсизлигига тобора кўпроқ таъсир кўрсатмоқда.
Юзага келган вазият ШҲТ доирасида ўзаро чамбарчас боғлиқ ушбу масалалар бўйича ягона кун тартибини шакллантириш заруратини тақозо этмоқда.
Ушбу кун тартибини илгари суриш мақсадида ШҲТнинг комплекс дастурларни, технологиялар ва илғор билимлар алмашинувини мувофиқлаштирадиган ихтисослашган механизмини ташкил этишни таклиф этамиз.
2035 йилга қадар сув ва энергетика самарадорлиги соҳасида ШҲТнинг технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш бу йўналишдаги қадамлардан бири бўлиши мумкин.
Халқаро транспорт йўлакларининг кенг тармоқли тизимини шакллантиришни давом эттириш ўта муҳимдир.
ШҲТга аъзо давлатларнинг темир йўл маконлари интеграцияси бўйича кенгаш таъсис этишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман. Логистика инфратузилмасини ривожлантиришни мувофиқлаштириш ва миллий транспорт тизимларининг чоксиз ўзаро боғланишини таъминлашни унинг устувор вазифаси сифатида кўрамиз.
Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни сақлаш минтақамиз хавфсизлиги ва тараққиёти учун фундаментал аҳамиятга эга.
Барчамизга яратувчан минтақавий жараёнларга интеграциялашган, фаровон қўшни мамлакат керак.
Хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилиш учун ШҲТнинг Афғонистон билан мунтазам мулоқотини қайта тиклаш вақти келди.
Ишончим комилки, бугун ШҲТ Хартиясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённома, шунингдек, Универсал марказ ва Антинаркотик марказ тўғрисидаги низомларнинг қабул қилиниши Ташкилотимизнинг институционал ривожланишида янги босқични бошлаб беради.
Тошкент шаҳрида Хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказнинг самарали фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратамиз.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик бизнинг ўзгармас устувор йўналишимиз бўлиб қолмоқда.
Халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2028-2030 йилларга мўлжалланган анъанавий санъат ва номоддий маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда оммалаштириш бўйича ҳамкорлик дастурини тайёрлашни таклиф этаман.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Сўзимнинг якунида Покистон Ислом Республикасининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилишдек масъулиятли вазифани қабул қилиб олгани муносабати билан ҳурматли Шаҳбоз Шариф жанобларига билдирилган табрик сўзларига қўшиламан.
Ўзбекистон бундан буён ҳам кенг минтақамиз барқарорлиги ва равнақи йўлида ўзаро ҳурмат, яхши қўшничилик ва ишонч руҳини мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси