Logo

ФИФА президенти Жанни Инфантино: Ўзбекистон миллат сифатида ҳам, ҳамкор сифатида ҳам ишонч ва эътирофга лойиқ давлат

Январ 22, 2026. 08:10 • 2 дақ

81
ФИФА президенти Жанни Инфантино: Ўзбекистон миллат сифатида ҳам, ҳамкор сифатида ҳам ишонч ва эътирофга лойиқ давлат

ЖЕНЕВА, 22 январь. /“Дунё” АА/. ФИФА президенти Жанни Инфантино ўзбек футболининг ривожланиши ва ўзбекистонлик спортчиларнинг сўнгги йиллардаги ютуқлари ҳақида фикр билдириб, видеомурожаатнома йўллади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

2016 йилда ФИФА президенти лавозимига киришганимдан буён Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюришга тўғри келди, - деди ФИФА раҳбари видеомурожаатномасида. – Ҳар бир ташриф мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатлари ва изчил модернизация йўлидан бораётганини тасдиқлайди.

Турли соҳаларнинг изчил ривожланиши футбол соҳасида сезиларли тараққиёт билан бирга кечди. Ўзбекистон 1994 йилда ФИФАга аъзо бўлганидан бери мамлакат футбол тизими стратегик режалаштириш, инфратузилмага сармоя киритиш ва футбол таълимини ривожлантириш орқали сезиларли даражада мустаҳкамланди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йилда ўз лавозимига киришганидан сўнг спорт ва футболни ривожлантиришга аниқ йўналиш берди. Футбол бўйича миллий терма жамоанинг 2024 йилги ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этиши, ўзбек ёшларининг салоҳиятини халқаро майдонда намойиш этишида муҳим аҳамият касб этди.

ФИФА турнирларининг Ўзбекистонда ўтказилиши футболнинг глобал миқёсда кенгайиши ва унинг халқаро миқёсда эътирофини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ўзбекистонда ўтказилган футзал бўйича жаҳон чемпионати тарихий воқеа бўлиб, мамлакат Марказий Осиёда биринчи бўлиб ФИФА турнирига мезбонлик қилди.

Мен 2025 йил сентябрь ойида ташриф буюрган Олимпия шаҳарчаси Ўзбекистоннинг ФИФАнинг янги турнирларини ўтказиш учун муносиб номзод сифатида ишонч билан ўзини кўрсатаётганини тасдиқлайди. Буни Ўзбекистон Озарбайжон билан биргаликда 2027 йилда бўлиб ўтадиган U20 жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши ҳам тасдиқлайди. Мазкур U20 жаҳон чемпионати икки конфедерация томонидан ўтказиладиган илк турнирдир.

Самарқанд вилоятини ривожлантириш бўйича катта режалар, жумладан, Каттақўрғонда футбол академиясини ташкил этиш футболга кириш имкониятларини кенгайтиришга ёрдам беради ва ФИФАнинг ҳар бир истеъдодга ўзини кўрсатиш имкониятини бериш миссиясига мос келади.

Мен ФИФА Ўзбекистон ҳукумати ва футбол ассоциациясини ўз мақсадларини амалга оширишда қўллаб-қувватлай олганимдан фахрланаман. Ўртамиздаги ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб, ривожланмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик” ордени билан тақдирланишим мен учун катта шараф.

Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида Ўзбекистон халқлар, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга интилаётганини таъкидлади. Бу ФИФА тўлиқ қўллаб-қувватлайдиган фалсафа бўлиб, Ўзбекистон биз учун футболни ривожлантиришда ишончли ва стратегик ҳамкор эканини тасдиқлайди.

Биз Ўзбекистон билан биргаликда миллионлар ўйини бўлган футболни ривожлантиришда давом этамиз. Чунки Ўзбекистон миллат сифатида ҳам, ҳамкор сифатида ҳам ишонч ва эътирофга лойиқ давлат.

Сурат Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинди

Default Avatar

Материал муаллифи

Zebo Meliyeva

zebo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш