Ўзбекистон Президенти ҳарбий техникалар ишлаб чиқариш қувватлари билан танишди
Январ 13, 2026. 20:50 • 2 дақ
• 90
ТОШКЕНТ, 13 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев бугун Чирчиқ шаҳридаги технопаркка ташриф буюриб, мудофаа саноати корхоналари фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, бу ерда зирҳли ва махсус техникалар ҳамда илғор функционал имкониятлари ва техник хусусиятлари билан ажралиб турадиган бир неча турдаги масофадан бошқариладиган жанговар модулларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Ушбу ечимлар ҳаракатланувчи ва турғун нишонларга, шу жумладан, кўриниш чекланган шароитларда ўт очишни таъминлайди. Автоматлаштирилган бошқарув, барқарорлаштириш, оптик ва акустик кузатув тизимлари, шунингдек, замонавий нишонга олиш воситалари билан жиҳозланган.
Давлатимиз раҳбарига асосий бутловчи қисмларни йиғиш, оптик-электрон ва барқарорлаштириш тизимларини ўрнатиш, дастурий созлаш ва герметикликни назорат қилиш, қурол-аслаҳаларни интеграциялаш ва комплекс синовларни ўз ичига олган ишлаб чиқариш босқичлари ҳақида маълумот берилди. Якуний босқичда тайёр модуллар енгил зирҳли техника намуналарига ўрнатилади ва дала шароитида текширилади.
Жанговар модуллар турли платформалар, жумладан, енгил зирҳли техника, махсус автомобиллар, катерлар ва зирҳли транспортёрларни жиҳозлаш учун мўлжалланган.
Лойиҳа бир қатор хорижий ҳамкорлар билан биргаликда юртимизнинг тегишли идоралари ва саноат корхоналари иштирокида амалга оширилмоқда.
Буларнинг барчаси мамлакатимиз мудофаа саноати корхоналарида юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, иш ўринларини яратиш, ўз саноат ва технологик базасини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари маҳсулотларнинг сифати ва ишончлилигига доир талабларга қатъий амал қилиш, маҳаллийлаштиришни изчил кенгайтириш, муҳандислик компетенцияларини ривожлантириш ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси