Logo

Ўзбекистон Президенти Тинчлик кенгаши Низомини имзолади

Январ 22, 2026. 17:46 • 2 дақ

84
Ўзбекистон Президенти Тинчлик кенгаши Низомини имзолади

ТОШКЕНТ, 22 январь. /“Дунё” АА./ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Швейцариянинг Давос шаҳрида Тинчлик кенгаши Низомини имзолаш маросимида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, АҚШ Президенти Дональд Трамп раислигида ўтган тадбирда Аргентина, Арманистон, Баҳрайн, Болгария, Индонезия, Иордания, Марокаш, Мўғулистон, Озарбайжон, Парагвай, Покистон, Қатар, Қозоғистон, Саудия Арабистони, Туркия, Венгрия ва бошқа давлатлар раҳбарлари, бош вазирлари ва ташқи ишлар вазирлари ҳам қатнашди.

Тинчлик кенгашининг ташкил этилиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг тинчликни таъминлаш борасидаги ташаббуслари ва кўп қиррали ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифаларига мосдир. Янги тузилма БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси билан қўллаб-қувватланган Ғазо секторидаги можарони тугатиш бўйича комплекс режани амалга ошириш доирасида шакллантирилмоқда.

Тинчлик кенгаши можаронинг кескинлашув хавфини камайтириш, Ғазо секторида иқтисодий ва ижтимоий тикланиш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган. Бу фаровон иқтисодиёт ва тинч-осойишта ҳаётга эга Янги Ғазони барпо этиш, истиқболда Фаластин давлатини тузиш имкониятини вужудга келтирмоқда.

Кенгаш таркибидан жаҳоннинг турли мамлакатларидан нуфузли ва таъсирга эга етакчилар ўрин олди.

Кенгаш Низомини имзолаб, Ўзбекистон уни таъсис этган давлатлардан бирига айланди. Бу мамлакатимизнинг кенгаш фаолиятида изчил иштирок этишга ҳамда барча таъсисчи давлатлар ва халқаро шериклар билан яқин ҳамкорликда унинг ваколатларини ҳаётга татбиқ этишда амалий ҳисса қўшишга тайёрлигини англатади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш