13–15 май кунлари Бухоро шаҳрида II Осиё аёллар форуми бўлиб ўтади
Апрель 03, 2026. 15:55 • 2 дақ
• 103
ТОШКЕНТ, 3 апрель. /“Дунё” АА/. Олий Мажлис Сенатида II Осиё хотин-қизлар форумини ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Парламент юқори палатаси хабарига кўра, йиғилишни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Йиғилишда Ташкилий қўмита аъзолари, сенаторлар, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида (2025 йил 23–29 сентябрь) Осиё хотин-қизлари форумини доимий платформага айлантириш таклифи илгари сурилган эди.
Шу мақсадда мазкур анжуманни “БМТ–аёллар” тузилмаси ва БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) билан биргаликда жорий йил 13–15 май кунлари Бухоро шаҳрида ўтказиш белгиланди.
Форум доирасида минтақа хотин-қизларининг сиёсат, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш ва таълим, ижтимоий ҳимоя, иқлим, экология ва бошқарув соҳаларидаги ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама этилади. Бу борадаги глобал ва минтақавий ҳамкорлик янада мустаҳкамланади ва ўзаро тажриба алмашилади.
Форум орқали давлатимиз раҳбари бошчилигида Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий имкониятлар, бандлик, тадбиркорлик, таълим ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида яратилган шарт-шароитлар, обод маҳаллалар ва фаровон оилалар ҳаёти, туризм салоҳияти ҳамда илғор миллий тажриба хорижий иштирокчиларга етказилади.
Шунингдек, БМТнинг Хотин-қизлар камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси, Хавфсизлик Кенгашининг 1325-резолюцияси, Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қоидаларини ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Йиғилиш давомида тадбирни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий жиҳатлар, форум кун тартиби, унинг мазмуни ҳамда хорижий мамлакатлар делегациялари билан икки томонлама учрашувларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида форумни юқори савияда ўтказиш бўйича вазирлик ва идоралар масъуллари олдида аниқ вазифалар қўйилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси