Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Февраль 17, 2026. 16:26 • 2 дақ
• 92ТОШКЕНТ, 17 февраль. /“Дунё” АА/. Бугун пойтахтимиздаги “InterContinental Tashkent” меҳмонхонасида Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасида инфратузилма йўналишидаги стратегик шериклик бўйича конференция ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Буюк Британиянинг бизнес ва савдо департаменти билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда давлат идоралари вакиллари, йирик инвесторлар, британиялик ва ўзбекистонлик тадбиркорлар иштирок этди.
Конференцияда сўзга чиққан Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев сўнгги йилларда юртимиз ва Буюк Британия ўртасидаги ҳамкорлик алоқлари тобора ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. У ўзбек ва инглиз компаниялари вакилларининг стратегик шерикликни мустаҳкамлаш йўлида олиб бораётган истиқболли лойиҳалари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Мазкур халқаро тадбир минтақавий ва глобал инвестиция муҳити учун янги платформа вазифасини ўтаб, жаҳон бозорида Ўзбекистоннинг жозибадор инвестиция масканига айланаётганини яна бир бор намоён этди.
Конференцияда асосий эътибор саноат соҳасида амалга оширилаётган лойиҳаларга қаратилди. Хусусан, темир йўл ва аэропорт инфратузилмаси, шаҳарсозлик ва қурилиш, энергетика, сув таъминоти, соғлиқни сақлаш тизими, инвестициялар ва давлат-хусусий шериклик моделлари ҳақида маълумот берилди.
Буюк Британиянинг Ташкентдаги элчиси Тимоти Смарт икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг янги потенциал йўналишлари борасида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, бундай учрашувлар икки томонлама стратегик мулоқотни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Конференциянинг панель муҳокамаларида иштирокчилар халқаро молия институтлари фаолияти, ҳамкорликнинг самарали механизмлари, жорий лойиҳаларни молиялаштиришнинг замонавий ечимлари, Ўзбекистон бозорининг инвесторлар учун рақобатбардош жиҳатлари хусусида фикр-мулоҳаза алмашди.
Конференция давомида нуфузли компания вакиллари ўртасида В2В шаклида турли учрашув ташкил этилиб, ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш бўйича икки томонлама амалий келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси





