«The world News»: Жиззах вилоятида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Покистонда
Февраль 17, 2026. 18:04 • 2 дақ
• 81
ИСЛОМОБОД, 17 февраль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг «The world News» электрон нашри Исломобод шаҳрида бўлиб ўтган «Made in Uzbekistan» миллий маҳсулотлар кўргазмаси якунлари ҳақида ёзди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
«Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари жадал суръатларда ривожланаётган бир пайтда, Исломобод шаҳрида ўтказилган «Made in Uzbekistan» миллий маҳсулотлар кўргазмаси мамлакатнинг саноат салоҳиятини намоён этиш учун муҳим майдонга айланди», – дейилган мақола аввалида.
Таъкидланишича, кўргазмада Покистон ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистондаги «BMB Holding» таркибига кирувчи «BMB Za’faron» ва «BMB Impex» брендларига алоҳида эътибор қаратган. «Ушбу брендлар маҳсулотлари Жиззах вилоятида етиштирилган хом ашёлар асосида ишлаб чиқарилиб, замонавий технологиялар ёрдамида чуқур қайта ишланади. Бу эса ҳудуднинг саноат салоҳиятини, шунингдек, маҳаллий хомашёдан юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган дастурлар самарадорлигини яққол намоён этади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, жумладан, заъфаронни қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш жараёнлари халқаро стандартлар асосида йўлга қўйилган бўлиб, бу маҳсулотларнинг экологик барқарорлиги, юқори сифати ва экспорт салоҳиятини таъминлайди», – дея қайд этилган манбада.
Шунингдек, мақолада, Исломобод шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Покистон бизнес-форуми ҳақида ҳам маълумот берилган ва у ишбилармонлик музокаралари учун муҳим платформа вазифасини ўтагани урғуланган.
«Йирик покистонлик ва ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳамда молиявий институтлар вакиллари билан ўтказилган B2B учрашувлар давомида истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди. Ушбу музокаралар етказиб бериш ҳажмини кенгайтириш, қўшма ташаббусларни амалга ошириш ва инвестицияларни жалб этиш учун қулай шарт-шароит яратди», – деб ёзилган «The world News» мақоласида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
