Сунь Чжуанчжи: Ўзбекистон қиёфаси улкан ўзгаришларга учраганига шахсан гувоҳ бўлдим
Август 05, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 20
ПЕКИН, 5 август. /“Дунё” АА/. Хитой Ижтимоий фанлар академияси ҳузуридаги Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти директори Сунь Чжуанчжи Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади:
– Бугунги кунда маданий-гуманитар алмашинув ва ҳамкорлигимиз тобора жозибадор тус олмоқда. Мамлакатларимиз ўртасида визасиз режим амал қилади. Бундан ташқари, илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртларининг самарали ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади.
Бир томондан, олимларнинг фуқароларни қизиқтирган долзарб масалалар юзасидан муҳокамалари ўзаро англашувни ривожлантиришга ёрдам беради. Иккинчи томондан, оддий одамлар, айниқса, ёшлар ва талабалар ўртасидаги мулоқотлар шаклланган дўстона муносабатларнинг давомийлигини таъминлайди.
Ҳозирда сунъий интеллект жадал суръатлар билан ривожланаётгани боис янги шароитларда янада юқори даражадаги ҳамкорликни амалга ошириш имкониятига эгамиз. Айниқса, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришимиз мумкин ва бу Хитой ҳамда Ўзбекистоннинг умумий манфаатларига мос келади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон жуда муваффақиятли ривожланмоқда. Яқинда мамлакат қиёфаси улкан ўзгаришларга учраганига, халқнинг кайфияти эса аъло даражада эканига шахсан гувоҳ бўлдим. Сўнгги йиллардаги ривожланиш суръатларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мамлакат учун “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадларига эришиш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди.
Ўзбекистонга бундан кейин ҳам иқтисодий юксалиш, унинг халқига эса тобора фаровон ҳаёт тилайман. Хитой–Ўзбекистон муносабатлари изчил ривожлансин, дўстлигимиз авлоддан-авлодга ўтсин ва биз биргаликда умумий ёруғ келажакни барпо этайлик.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси