Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” бош ғояси остида нишонланади
Апрель 03, 2026. 11:37 • 2 дақ
• 75
ТОШКЕНТ, 3 апрель. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур ҳужжатга кўра, мамлакатимиз истиқлолининг 35 йиллик тантанаси “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ҳолда, Янги Ўзбекистоннинг улкан салоҳияти ва жаҳон майдонидаги юксак нуфузига мувофиқ тарзда нишонланади. Қарор билан байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш бўйича Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигидаги Республика комиссияси таркиби ҳамда кенг кўламли чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Қарорда бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилган. Жумладан, 2026 йил 1 июнга қадар миллий суверенитет ғояларини акс эттирувчи “Ватан фидойилари” рамзий монументининг лойиҳаси ишлаб чиқилади ва у мамлакат бўйлаб барпо этилаётган “Умуммиллий бирдамлик боғлари”да ўрнатилади. Шунингдек, ислоҳотлар сарҳисобини ўзида жамлаган “Мустақиллик зафарномаси” китоб-альбоми тайёрланади, Марказий банк томонидан эса “Мустақилликнинг 35 йиллиги” эсдалик олтин тангаси зарб этилади.
Рақамли маконда ҳам кенг кўламли тарғибот ишлари режалаштирилган: ижтимоий тармоқларда #Mustaqillik35 ва #Uzb35 хештеглари остида флешмоблар ва подкастлар ташкил этилади, телеканалларда “35 йиллик Истиқлол йилномаси” туркум ҳужжатли фильмлари намойиш этилади. Август ойида Тошкентда “Мустақил Ўзбекистон – 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилиши, хориждаги ватандошлар иштирокида эса маданий тадбирлар ташкил этилиши белгиланди.
Байрам арафасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида йирик саноат, маданият ва спорт иншоотларининг тантанали очилиши режалаштирилган. Ушбу чора-тадбирларнинг барчаси халқимизнинг бирдамлигини намойиш этишга, истиқлол берган беқиёс имкониятларни қадрлашга ва келажак авлодларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси