Дори воситаларидан бодомзорларгача: Ҳиндистон компанияси Ўзбекистондаги ҳамкорлик кўламини кенгайтирмоқда
Апрель 03, 2026. 10:22 • 2 дақ
• 71
ДЕҲЛИ, 3 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев «Shayana Farm» компанияси раиси Ашок Кумар Тивари билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ҳинд компанияси Ўзбекистон фармацевтика тармоғида чорак асрдан буён фаолият юритиб келмоқда. Шу боис, унинг раҳбари мамлакатда сўнгги йилларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва яратилган инвестициявий муҳит ҳамкорликни фаоллаштириш учун қулай шароитлар яратганини таъкидлади.
Масалан, 2017 йилда Тошкент шаҳрида 4 миллион доллар миқдоридаги инвестиция ҳисобига ишга туширилган «Will Med Farm» корхонаси бугунги кунда мамлакатимизда оммабоп «Кюпен» препаратини ишлаб чиқариш бўйича етакчи ҳисобланади.
Ҳозирги вақтда Тошкент вилоятининг Зангиота туманида янги йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.
«Tashkent Pharma Park» инновацион кластери ҳудудида қиймати 21 миллион доллар бўлган замонавий завод қад ростламоқда. Икки томонлама юқори қизиқиш ва бозор истиқболларини инобатга олган ҳолда, айни пайтда ушбу лойиҳа доирасидаги инвестициялар ҳажмини яна 6 миллион долларга ошириш масаласи муҳокама қилинмоқда.
Ҳиндистонлик тадбиркор фақат фармацевтика соҳаси билан чекланиб қолмасликка қарор қилди. Дипломатик миссия раҳбари билан бўлиб ўтган учрашувда у қишлоқ хўжалиги тармоғида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш режаларини очиқлади.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон аграр секторда улкан салоҳиятга эга бўлиб, ушбу маҳсулотларга Ҳиндистонда талаб жуда юқори.
Компания режалари ранг-баранглиги билан эътиборни тортади. Ҳинд тадбиркори Ўзбекистондан қуруқ мевалар, дуккакли маҳсулотлар ва шифобахш каврак ўсимлигини экспорт қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Ҳиндистонда бодомга бўлган талаб катта эканлигини инобатга олиб, «Shayana Farm» Наманган вилоятида ушбу маҳсулотни етиштириш бўйича инвестиция лойиҳасини ҳам ишлаб чиқмоқда.
Деҳлидаги учрашув Ҳиндистон капитали Ўзбекистонни узоқ муддатли ишлаб чиқариш ва технологик ўсиш учун ишончли база сифатида кўраётганини яна бир бор тасдиқлади.
Дори воситаларини ишлаб чиқаришдан агросаноат занжирларини яратишга ўтишгача бўлган амалий саъй-ҳаракатлар хориж бизнеси вакилларининг Ўзбекистондаги янгиланиш жараёнига бўлган ишончи кенг кўламли стратегик шерикликка айланганининг ёрқин ифодасидир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси