Ўзбекистон ва Қирғизистон меҳнат миграцияси ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ноябрь 22, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 55
БИШКЕК, 22 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистони элчиси Саидикрам Ниязходжаев яқинда тайинланган Қирғизистон меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазири Алмаз Имангазиев билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Томонлар меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий ҳимоя ва бандлик йўналишларида тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Вазирда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги “Имкон” реабилитация марказлари фаолияти алоҳида қизиқиш уйғотди. У 2 ёшдан 18 ёшгача бўлган алоҳида эҳтиёжли болаларга бепул тиббий ва ижтимоий реабилитация ҳамда таълим хизматлари кўрсатилаётган ушбу марказлар ишини ижобий баҳолади. Шунингдек, Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо берди.
Алмаз Имангазиев 21–22 октябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтган “Болалар фаровонлигига сармоя киритиш” бутунжаҳон саммитидан олган таассуротлари билан ўртоқлашди. У таклиф учун миннатдорлик билдириб, анжуманнинг юқори савияда ташкил этилганини қайд этди. Мазкур сафар вазир учун янги лавозимдаги илк хорижий ташриф бўлди. Саммит доирасида Қирғизистон томони ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзолангани ва ушбу ҳужжат мазкур соҳадаги ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Учрашувда Қирғизистон рекрутинг компанияларига 29 ноябрь – 4 декабрь кунлари Тошкентда икки босқичда ўтказиладиган “Янги Ўзбекистон: глобал бозорлар чорраҳасида” халқаро бизнес-форумида иштирок этиш таклиф қилинди. Вазир ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, вазирлик билан биргаликда ҳудудларга сафарлар ҳамда меҳнат мигрантлари ва уларнинг иш берувчилари билан учрашувлар ташкил этишга тайёр эканлигини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси