Logo

Ўзбекистон ва АҚШ инвестиция платформасини ташкил этмоқда

Февраль 19, 2026. 01:35 • 55 сония

54
Ўзбекистон ва АҚШ инвестиция платформасини ташкил этмоқда

ТОШКЕНТ, 19 февраль. /“Дунё” АА/. Вашингтон шаҳрига ташрифнинг ишбилармонлик тадбирлари давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Экспорт-импорт банки президенти ва раиси Жон Йованович ҳамда Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Бэн Блэкни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, ўтган йили Президент Дональд Трамп билан бўлиб ўтган музокаралар АҚШ ишбилармон доиралари билан савдо-инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга кучли туртки бергани таъкидланди.

Ишбилармонлик кенгаши фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва устувор лойиҳаларни тизимли илгари суриш учун Инвестиция платформасини ишга туширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Эксимбанк билан ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди. Йирик саноат ва инфратузилмавий лойиҳаларни молиялаштиришни кенгайтириш ҳамда юқори технологияли ускуналар етказиб беришни қўллаб-қувватлаш шулар жумласидан.

DFC раҳбарияти билан суҳбатда инвестициявий ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди. Корпорациянинг йирик миллий ва минтақавий лойиҳаларда иштирок этиш, молия бозори ва энергетика тармоғини ривожлантириш бўйича режалари қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистон Президенти АҚШ томонини Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этишга таклиф қилди.

Учрашув якунида давлатимиз раҳбари ҳузурида ташриф давомида имзоланган Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида инвестиция платформасини ташкил этиш тўғрисидаги битим алмашилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш