Logo

“The Gulf Observer”: Адулла Орипов шеъриятида миллий ва умуминсоний ғоялар уйғунлашган

Февраль 19, 2026. 09:50 • 2 дақ

67
“The Gulf Observer”: Адулла Орипов шеъриятида миллий ва умуминсоний ғоялар уйғунлашган

ИСЛОМОБОД, 19 февраль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг нуфузли “The Gulf Observer” электрон нашрида “Абдулла Орипов шеъриятининг ўзбек адабиёти ва маданиятига таъсири” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу таҳлилий мақола таниқли покистонлик журналист Муҳаммад Али Пошо қаламига мансуб бўлиб, унда замонавий ўзбек шеъриятининг йирик намоёндаси, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ижоди чуқур таҳлил этилган.

Муаллифнинг таъкидлашича, Абдулла Орипов замонавий ўзбек адабиёти тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган, миллий шеърият равнақига янги руҳ ва мазмун бахш этган сиймолардан биридир. Унинг ижодида тил имкониятларидан моҳирона фойдаланиш, шеърий шакл ва ифодадаги изланишлар, энг муҳими, умуминсоний ғоя ва қадриятларнинг теран талқини яққол намоён бўлади.

Мақолада қайд этилишича, Абдулла Орипов шеъриятида миллий ва умуминсоний ғоялар уйғунлашиб кетган. Унинг асарлари тарих, анъана ва маънавият манбалари билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ўқувчига ўзбек халқининг ўзига хос тафаккури, руҳий олами ва маданий меросини теранроқ англаш имконини беради. Шу жиҳатдан, шоир ижоди нафақат адабий ҳодиса, балки ўзбек хақли руҳиятини ифода этувчи маънавий кўзгу сифатида ҳам қадрланади.

Муҳаммад Али Пошо шоирнинг шеърий шакл ва услубдаги тажрибаларига алоҳида урғу беради. Унинг фикрича, шоирнинг турли мавзуларни дадил ва кенг қамровда ёритиши, бадиий ифода имкониятларини кенгайтиришга интилиши кейинги авлод ўзбек шоирлари учун илҳом манбаига айланган. Бугунги кунда ҳам кўплаб замонавий ижодкорлар Абдулла Ориповни ўзларига устоз деб билади, унинг бой адабий мероси эса янги авлод қалам аҳлини юксак мақсадлар сари етаклашда давом этмоқда.

Нашрда таъкидланганидек, Абдулла Орипов асарлари рус, инглиз, француз ва бошқа қатор тилларга таржима қилиниб, халқаро антология ва адабий журналларда чоп этилган. Бу ўз навбатида замонавий ўзбек адабиётини жаҳон адабий майдонига олиб чиқишда, миллий ўзбек маданиятининг бойлиги ва ўзига хослигини дунё жамоатчилигига танитишда муҳим омил бўлган.

Мақолада Абдулла Орипов қаламига мансуб қатор шеърларга батафсил шарҳлар берилган. Уларда шоир илгари сурган эзгу ва чин инсоний ғояларнинг бугунги кундаги аҳамияти, шеъриятнинг тинчликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини кучайтиришдаги ўрни алоҳида таъкидланади.

Муаллиф қайд этганидек, Абдулла Орипов шеърияти инсон қалбининг энг нозик торларини черта олиши, ҳис-туйғу ва кечинмаларни юксак бадиий маҳорат билан ифода этиши билан ажралиб туради. Шу боис унинг ижоди вақт ва макон чегараларини тан олмайдиган, ҳамиша барҳаёт ва таъсирчан маънавий мерос сифатида қадрланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш