Ўзбекистондан Қувайтга гилам экспорти янада оширилади
Сентябрь 05, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 78
АЛ-КУВАЙТ, 5 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Қувайтнинг “Montreal House Wholesale Co.” компанияси раҳбарияти билан экспорт-импорт масалаларига бағишланган учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат жараёнида Ўзбекистондан Қувайт бозорига саноат маҳсулотлари экспортини кўпайтириш бўйича фикр-мулоҳаза алмашилди.
Аввалроқ тузилган келишув доирасида биринчи босқичда Қувайтга юртимизда ишлаб чиқарилган 40 минг долларлик гилам маҳсулотлари етказиб берилди. Уларни сотиш ва илгари суриш ишлари маҳаллий савдо тармоқларида йўлга қўйилган. Яқин Шарқдаги вазият туфайли маҳсулотларни етказиб бериш икки ой вақтни олди.
Учрашув чоғида тадбиркорлар компаниянинг омбор ва савдо объектларида ўзбек гиламларининг жойлаштирилиши, намойиши ва сотилиши билан танишди.
Томонлар бешта контейнердаги гилам маҳсулотларини ўз ичига олган 250 минг долларлик навбатдаги партияни экспорт қилиш имкониятини ҳам кўриб чиқди. Бу йўналишдаги ишлар давом этмоқда.
Келишувларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида Қувайт компанияси вакиллари яқин вақт ичида Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси