Ўзбекистон ЮНЕСКО Париж саммитида экологик таълим тажрибасини намойиш этди
Июль 12, 2026. 10:25 • 2 дақ
• 74ПАРИЖ, 12 июль. /“Дунё” АА/. ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида “Таълимни трансформация қилиш саммити +4” бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда ЮНЕСКО бош директори Халед ал-Анани, Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса, БМТ Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад ҳамда халқаро ташкилотлар ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари иштирок этдилар.
Саммитда мамлакатимиз делегациясига мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Каримов бошчилик қилди. У иқлим ва экологик таълимга бағишланган сессияда маъруза қилди.
Вазир ўринбосари ўз нутқида мактабгача, мактаб ва профессионал таълим тизимини модернизация қилиш, ўқув жараёнини рақамлаштириш, педагоглар малакасини ошириш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришни ўз ичига олган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди.
Мулоқотда экологик таълимни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Иқлим ва экология мавзулари 7 та мактаб предмети дастурига, шунингдек, ўқитувчиларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимига интеграция қилингани таъкидланди.
Саммит иштирокчиларига Ўзбекистоннинг бу борадаги ташаббуслари, жумладан, 694 та мактаб ва 100 мингдан ортиқ ўқувчини қамраб олган “Экологик мактаблар” лойиҳаси, “Иқлимнинг ёш чемпионлари” ва “Ёш яшил элчилар” дастурлари, шунингдек, барқарор қишлоқ хўжалиги тамойилларини ўргатишга қаратилган “Ёш фермер” ташаббуси тақдим этилди.
Оролбўйи минтақаси тажрибаси экологик муаммоларнинг ҳаёт сифати билан боғлиқлиги ҳамда иқлим таълимини ривожлантириш зарурлигининг муҳим намунаси сифатида эътироф этилди.
Ўзбекистон, шунингдек, ЮНЕСКОнинг Таълимни экологизация қилиш шериклигига қўшилган ҳолда экологик таълимни мустаҳкамлаш истагини тасдиқлади ва 2030 йилгача мамлакатдаги мактабларнинг камида 50 фоизини “яшил мактаблар”га айлантириш мақсадини белгилаб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




