Хитойдан муносабат: Ўзбекистон–Беларусь ҳамкорлиги иқтисодий тараққиёт учун янги имкониятлар очади

Июль 12, 2026. 09:55 • 2 дақ

6
Хитойдан муносабат: Ўзбекистон–Беларусь ҳамкорлиги иқтисодий тараққиёт учун янги имкониятлар очади

ГУАНЧЖОУ, 12 июль. /“Дунё” АА/. Хитойдаги “Shenzhen Noblepin International” компанияси президенти Чжое Цзоу “Дунё” ААга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига амалга оширган расмий ташрифи юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига ташрифи расмий Тошкентнинг иқтисодий дипломатияни изчил амалга ошираётганидан далолат беради.

Икки давлат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича белгиланган мақсад – дадил ва пухта ҳисоб-китоб қилинган вазифадир. Мақсадга эришиш йўлида имзоланган келишувлар келгусида ўз натижасини бериши шубҳасиз.

Музокараларнинг амалий аҳамияти машинасозлик, фармацевтика, электротехника, тўқимачилик, мебелсозлик ва агросаноат соҳаларидаги кооперация лойиҳаларининг атрофлича муҳокама қилинганидадир.

Шунингдек ўқинг

Хусусан, корхоналар даражасидаги аниқ келишувлар тўлиқ циклли барқарор ишлаб чиқариш занжирларини шакллантиришга, шу орқали юқори қўшимча қийматли товарлар улушини оширишга ва Ўзбекистоннинг ташқи бозорлардаги мавқеини мустаҳкамлашга имкон беради.

Ўзбекистоннинг энергия баланси учун узоқ муддатли стратегик аҳамиятга эга бўлган ядро энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш масаласи ҳам кун тартибига киритилганини алоҳида қайд этиш муҳим. Электр энергиясига ички талаб муттасил ошиб бораётган шароитда уни ишлаб чиқариш манбаларини диверсификация қилиш бутун иқтисодиёт рақобатбардошлигининг ўта муҳим омилларидан бирига айланмоқда.

Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларация ҳамда бошқа кўплаб келишувлар тўпламининг имзоланиши эришилган натижаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳужжатлар мавжуд маъмурий тўсиқларни камайтириб, ҳар икки мамлакат иқтисодий фаолият субъектлари учун иш шароитларининг барқарорлигини таъминлайди.

Минскдаги музокаралар якунлари бўйича янги инвестициявий, технологик ва ишлаб чиқариш соҳаларига оид келишувлар имзоланиши кутилмоқда. Бу Ўзбекистон учун индустриаллашувни жадаллаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва замонавий технологияларни жалб қилиш бўйича қўшимча имкониятлар яратади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш