Ашхободда Ўзбекистон–Туркманистон бизнес-форуми бўлиб ўтди
Ноябрь 07, 2026. 14:00 • 3 дақ
• 7АШХОБОД, 7 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ашхободда ташкил этилган ўзбек-туркман бизнес-форуми Туркманистон ОАВ томонидан кенг ёритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Тakyk” янгиликлар порталининг қайд этишича, B2B учрашувида икки мамлакат ишбилармон доираларининг 200 дан ортиқ вакиллари иштирок этди. Тадбир Туркманистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Кичик бизнес уюшмаси ҳамда Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Томонлар маҳсулот етказиб бериш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, дистрибьюторлик тармоқлари ва қўшма лойиҳаларни муҳокама қилдилар, бир қатор йўналишлар бўйича аниқ келишувларга эришилди.
“Ashgabat Times” нашри B2B музокаралари якунлари бўйича икки мамлакат ўртасидаги ишбилармонлик ҳамкорлиги мустаҳкамланиб бораётгани ҳақида ёзди. “Бизнес Туркменистан” портали иштирокчиларга Ўзбекистон корхоналарининг қурилиш, озиқ-овқат, кимё, енгил саноат, автомобилсозлик, электротехника, мебель ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалардаги маҳсулотлари таништирилганини қайд этди. Шунингдек, 3–5 ноябрь кунлари Ашхобод шаҳрида ўтказилаётган “CIET 2026” халқаро кўргазмасида 150 нафардан ортиқ ўзбекистонлик тадбиркор иштирок этаётгани хабар қилинган.
“Orient” ахборот агентлиги форум ҳақида учта мақола эълон қилди. Дастлабки мақолада ўзбек компаниялари туркман ҳамкорларига таклиф қилган маҳсулотлар рўйхати келтирилган. Томчилатиб суғориш технологиялари, қишлоқ хўжалиги техникаси, уруғлар, цемент, керамик плиткалар, ўғитлар, тўқимачилик маҳсулотлари, мебель, консервалар, қандолат маҳсулотлари, оптик кабеллар, қуёш станциялари, IT-ечимлар ва туристик хизматлар шулар жумласидандир.
Шунингдек, яна бир мақолада учрашув муҳити тасвирланган. Зал расмий тадбирдан кўра жонли “биржа”га айланиб, унда модераторлар буюртмачиларни соҳа секторлари бўйича столлар томон йўналтирганлар. Нашр маълумотларига кўра, якуний натижада тахминан 12 миллион долларлик шартнома ва келишувларга эришилган. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Одилхон Рустамов “Orient” мухбирига берган интервьюсида туркман томонига илиқ қабул учун миннатдорлик билдирган.
Навбатдаги мақолада туркман тадбиркорларини 29 ноябрь – 6 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида “Янги Ўзбекистон: глобал бозорлар чорраҳасида” шиори остида ўтказиладиган “Uzbekistan Global Trade Summit 2026” саммитига таклиф этиш масаласига тўхталиб ўтилган.
Қайд этилишича унда 50 дан ортиқ мамлакатдан 1000 нафардан зиёд импортчи ва инвесторлар иштироки ҳамда B2B ва B2G форматларида 500 дан ортиқ учрашувлар ўтказилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, майдони 12 минг квадрат метр бўлган ва тахминан 450 та стенддан иборат “Made in Uzbekistan” 2026 кўргазмаси ҳам ташкил этилади. Делегациялар таркибида иштирок этиш учун аризалар 10 ноябрга қадар қабул қилинади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



