Хорижлик дипломатлар Жиззахдаги йирик саноат корхоналари фаолияти билан танишди

Ноябрь 07, 2026. 12:00 • 3 дақ

• 13
Хорижлик дипломатлар Жиззахдаги йирик саноат корхоналари фаолияти билан танишди
Хорижлик дипломатлар Жиззахдаги йирик саноат корхоналари фаолияти билан танишди
Хорижлик дипломатлар Жиззахдаги йирик саноат корхоналари фаолияти билан танишди
Хорижлик дипломатлар Жиззахдаги йирик саноат корхоналари фаолияти билан танишди
Хорижлик дипломатлар Жиззахдаги йирик саноат корхоналари фаолияти билан танишди

ЖИЗЗАХ, 7 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари Жиззах вилоятидаги йирик саноат ва инвестиция лойиҳалари билан яқиндан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мамлакатимиз иқтисодий дипломатиясини янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган учрашувларда меҳмонлар вилоятдаги йирик ишлаб чиқариш компаниялари фаолияти билан бевосита танишиб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш бўйича фикр алмашди.

Дипломатлар “Жиззах” эркин иқтисодий зонасидаги “BYD UZBEKISTAN FACTORY” МЧЖ ҚКга ташрифи давомида “BYD” автомобилларининг ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Маълумотларга кўра, ушбу заводда йилига 50 минг дона электромобиль ишлаб чиқарилади. Ҳозирда бу ерда 1200 нафардан ортиқ киши меҳнат қилмоқда.

Хитой Элчиҳонаси маслаҳатчиси Ван Эменнинг таъкидлашича, хитойлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур компания нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа мамлакатларда ҳам замонавий автомобилсозлик саноатини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хорижлик дипломатлар “BMB-NRC AGROLOGISTICS” МЧЖ ҚК фаолияти билан ҳам яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Шароф Рашидов туманида 40 гектар майдонда ташкил этилган ушбу агрологистика мажмуаси 267 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш қувватига эга.

Беларусь элчиси Александр Огородников қайд этишича, Ўзбекистон ва Беларусь Президентлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Александр Лукашенко ўртасидаги ҳамкорлик самараси ўлароқ, икки давлат ўртасида манфаатли шериклик лойиҳалари изчил амалга оширилмоқда. Бу борада, айниқса, деҳқончилик ва чорвачилик соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳалар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Вилоятдаги енгил автомобиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик саноат корхонаси — “ADM JIZZAKH” МЧЖдаги экскурсия ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек ўқинг

МЧЖ вакилларининг қайд этишича, 74 млн долларлик лойиҳа асосида корхона фаолият юритмоқда. Ҳозирда мазкур корхонада “Kia”, “Chery”, “Haval” маркали автомобиль ишлаб чиқарилиб, бу вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотининг 36 фоизини ташкил этмоқда.

Шу билан бирга, меҳмонлар қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Master Bilding Products” МЧЖ фаолияти билан ҳам танишди. Ушбу корхонада айни пайтда 78 турдаги самарезлар, 10 хил тафтинг, 3 хил полипропилен иплар ишлаб чиқарилмоқда. Корхона томонидан 2025 йилда 70 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 1,4 млн долларлик экспорт амалга оширилган.

“Ушбу ташриф давомида нафақат Жиззах шаҳридаги йирик корхоналар фаолияти билан яқиндан танишиш, балки маҳаллий тадбиркорлар билан қўшма лойиҳалар бўйича музокаралар ўтказиш имконига эга бўлдик. Қолаверса, бошқа давлатлар дипломатик идораларидаги ҳамкасбларимиз билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдик”, — дейди Словакия элчиси Виктор Борецки.

Хорижлик дипломатлар вилоятдаги “IRUSKON” МЧЖда ҳам бўлиб, бу ерда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди.

“IRUSKON” МЧЖ масъулларининг таъкидлашича, ушбу корхонада 15 млн долларлик инвестиция лойиҳаси асосида йилига 12 минг тонна, 100 турдаги қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қуввати яратилган. Корхонада 350 та иш ўрни ташкил этилган бўлиб, маҳсулотлар экспорти 2 млн долларни ташкил этади.

Бугун хорижлик дипломатлар Жиззах вилоятининг Арнасой туманидаги саноат ва инвестиция лойиҳалари билан яқиндан танишади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш