Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида қарийб 10 миллион долларлик қўшма лойиҳалар ишга туширилди
Август 29, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 31БИШКЕК, 29 август. /“Дунё” АА/. Қирғизистоннинг Бишкек шаҳри ва Чуй вилоятида Ўзбекистон–Қирғизистон ҳамкорлигида амалга оширилган икки қўшма лойиҳанинг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Бишкек шаҳрида қиймати 1,8 миллион доллар, умумий майдони 2,5 минг квадрат метр бўлган икки қаватли Ўзбекистон электротехника ва қурилиш материаллари савдо маркази фаолиятини бошлади.
Марказда юртимизнинг “Akfa”, “Shivaki”, “Artel”, “UzKabel”, “Elstan”, “Dusel”, “AsCab”, “ProCab”, “Vero Group”, “Royal” ва “Engelberg” каби корхоналарининг эшик ва ромлари, лифт ва эскалаторлари, кабеллари, замонавий ҳисоблагичлари ҳамда бошқа қурилиш маҳсулотларининг кенг тури намойиш этилиб, чакана ва улгуржи савдоси йўлга қўйилган.
Чуй вилоятининг Иссиқ-Ота туманида эса Ўзбекистоннинг “Maximum Dream” МЧЖ ва Қирғизистоннинг “Glass Centre” корхоналари ҳамда Ўзбекистон–Қирғизистон тараққиёт жамғармаси ҳамкорлигида тобланган шиша, алюминий эшик ва ромлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Glass Centre” қўшма корхонаси ишга туширилди. Умумий қиймати 8 миллион долларлик лойиҳанинг 2,8 миллион доллари жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилди.
Лойиҳаларнинг очилиш тадбирларида Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси, “Элтехсаноат” уюшмаси, Ўзбекистон–Қирғизистон тараққиёт жамғармаси, “Akfa” ва “Artel” компаниялари вакиллари, шунингдек, Қирғизистон расмийлари ва маҳаллий ишбилармон доиралар иштирок этди.
Мазкур лойиҳалар Ўзбекистон электротехника ва қурилиш маҳсулотларининг Қирғизистон бозоридаги ўрнини мустаҳкамлаш, савдо ҳажмини ошириш, ЕОИИ бозорига чиқиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда икки мамлакат ўртасида саноат кооперациясини ривожлантиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




