Бишкекдаги форумда Марказий Осиё давлатларининг саноат кооперацияси ва инвестициявий лойиҳалари муҳокама қилинди

Ноябрь 05, 2026. 17:20 • 2 дақ

• 29
Бишкекдаги форумда Марказий Осиё давлатларининг саноат кооперацияси ва инвестициявий лойиҳалари муҳокама қилинди

БИШКЕК, 5 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бишкек шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё саноат тараққиёти минтақавий форумида саноат кооперациясини ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш ва минтақа мамлакатлари иқтисодий интеграциясини чуқурлаштириш борасидаги ташаббусларини тақдим этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Қирғизистон Иқтисодиёт ва тижорат вазирлиги ҳамда БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган “Марказий Осиёда саноат трансформацияси ва инвестицияларни сафарбар этиш” мавзусидаги форум 20 та давлатдан 130 дан ортиқ иштирокчини жамлади.

Ялпи сессияда Ўзбекистон элчиси Саидикрам Ниязходжаев сўзга чиқиб, мамлакатимизнинг барқарор саноат тараққиёти масалалари бўйича позициясини баён этди. У анъанавий ўзаро савдодан “олти иқтисодиёт – бир маҳсулот” тамойили асосида юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни биргаликда ишлаб чиқаришга ўтиш зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистон ташаббуслари қаторидан Саноат кооперацияси харитасини ишлаб чиқиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини молиявий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш платформасини яратиш ва “Туркий дунё – 100” дастури доирасида юзта стратегик лойиҳани амалга ошириш каби йўналишлар ҳам ўрин олди.

Шунингдек ўқинг

Учрашувда ўзбек-қирғиз ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилди. 2025 йил якунларига кўра, икки мамлакат товар айирбошлаш ҳажми 1,2 миллиард доллардан ошгани, эришилган келишувлар эса умумий қиймати 540,6 миллион долларлик 52 та қўшма инвестиция лойиҳасини қамраб олгани қайд этилди.

Автомобиль бутловчи қисмлари ва электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш, пахта, жун ва терини қайта ишлаш, агросаноат кооперацияси, фармацевтика ҳамда қурилиш материалларини чиқариш истиқболли йўналишлар сифатида кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, Ўзбекистон корхоналарни технологик жиҳатдан модернизация қилиш, халқаро сифат стандартларини жорий этиш ва малакали кадрлар тайёрлаш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.

Форум якунлари бўйича Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда рақобатбардош ва технологик жиҳатдан ривожланган саноат маконини шакллантиришга ҳисса қўшишга тайёрлиги яна бир бор тасдиқланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш