Ўзаро боғлиқлик – Марказий Осиё ва Европа ҳамкорлигини мустаҳкамлашнинг муҳим омили
Октябрь 27, 2026. 18:50 • 3 дақ
• 142ТОШКЕНТ, 27 октябрь. /“Дунё” АА/. Бугун Тошкент шаҳрида “Минтақавийлашув жараёнлари: Марказий Осиё ва Европа тажрибаси, минтақалараро ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқлик истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ), Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Global Neighbours ташкилоти томонидан ташкил этилди.
Global Neighbours 2022 йилда Вена шаҳрида тадбиркор Ёванка Порше томонидан Австриянинг собиқ федерал канцлери Кристиан Керн ва Германиянинг собиқ вице-канцлери Филипп Рöслер билан биргаликда ташкил этилган халқаро таҳлилий марказ ҳисобланади. Ушбу марказ халқаро мулоқот ва дипломатия масалаларига ихтисослашган.
Учрашувда Марказий Осиё ва Европанинг экспертлик ва тадқиқот тузилмалари вакиллари бирлашди. “Tracks to the Future” форуми доирасида бўлиб ўтган ушбу тадбир йўналиши тарихий Буюк Ипак йўли бўйлаб ўтиб, Европа ва Осиё ўртасидаги транспорт алоқаларининг аҳамиятини акс эттиради.
Муҳокамалар марказидан минтақавий интеграция, Европа тажрибасини Марказий Осиё шароитларига мослаштириш, транспорт коридорларини ривожлантириш, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, инвестицияларни жалб этиш ва рақамли ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш масалалари ўрин олди.
СМТИ директори ўринбосари Бахтиёр Мустафаев жаҳон иқтисодиётининг парчаланиши, кўп томонлама институтларнинг заифлашуви ва ишлаб чиқариш занжирларининг қайта шаклланиши минтақавий ҳамкорликнинг аҳамиятини ошираётганини таъкидлади. Унинг фикрича, айнан шу турдаги шериклик давлатларга умумий муаммоларга амалий ечимларни тобора кўпроқ биргаликда топиш имконини бермоқда.
Эксперт Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиёда юз берган ижобий ўзгаришларга эътибор қаратди. Давлат раҳбарлари ўртасида мунтазам мулоқот йўлга қўйилди, кўп йиллик чегара масалалари ҳал этилди, янги ўтказиш пунктлари очилди, ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми ошди. Минтақавий ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга “Марказий Осиё – 2040” минтақавий кооперацияни ривожлантириш концепцияси ҳам хизмат қилмоқда.
Бахтиёр Мустафаев таъкидлаганидек, минтақавий ҳамкорлик тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва ҳар бир мамлакат манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланади. Чунки Марказий Осиё давлатлари миллий давлатлар устидан турувчи тузилмаларни ташкил этишни мақсад қилмаган.
Бунда минтақанинг мустақил субъект сифатидаги салоҳиятини ва стратегик автономиясини мустаҳкамлаш, айни пайтда ташқи ҳамкорлар учун очиқликни сақлаб қолиш устувор вазифа саналади.
Марказий Осиёнинг ташқи ҳамкорлари орасида Европа Иттифоқи алоҳида ўрин тутади. 2025 йил апрель ойида Самарқандда бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити стратегик шерикликка асос солди.
Европа томони Global Gateway ташаббуси доирасида умумий қиймати 12 миллиард евро бўлган инвестиция пакетини эълон қилди. Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳам ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратмоқда.
СМТИ вакили кейинги муҳокамалар учун иккита асосий масалани ажратиб кўрсатди.
Биринчидан, Европанинг минтақавий ҳамкорлик тажрибасидаги қайси жиҳатларни Марказий Осиё шароитларига мослаштириш мумкинлигини аниқлаш зарур. Бунда минтақанинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш, суверенитет, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ишончни изчил мустаҳкамлаш тамойилларига амал қилиш муҳимдир.
Иккинчидан, ўзаро боғлиқликни минтақалараро ҳамкорликнинг амалий ҳаракатлантирувчи кучига айлантириш лозим. Бу Транскаспий транспорт коридорини ривожлантириш, энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, таълим дастурларини кенгайтириш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш, муҳим хомашё ресурслари соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қўшилган қийматни бевосита Марказий Осиёда яратишни назарда тутади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



