Швейцарияда экспортчилар ва инвесторлар учун Ўзбекистон иқтисодиётига бағишланган алоҳида интернет-саҳифа очилди
Май 14, 2026. 11:25 • 2 дақ
• 25
БЕРН, 14 май. /“Дунё” АА/. Швейцариянинг экспорт ва инвестициялар бўйича расмий ташкилот – “Switzerland Global Enterprise” (S-GE) порталида Ўзбекистон иқтисодиётига бағишланган алоҳида ахборот саҳифаси очилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Янги саҳифа ташкилотнинг экспорт бозорлари рукнида жойлаштирилган бўлиб, мамлакатимиз швейцариялик ва лихтенштейнлик компаниялар учун истиқболли йўналиш сифатида тақдим этилган. Унда мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланиши, ишбилармонлик муҳити, устувор тармоқлари, бизнес имкониятлари ҳамда республикамиз бозорига чиқиш билан боғлиқ амалий масалалар бўйича маълумотлар тизимли равишда жамланган.
Таъкидланишича, ахборот бўлими қулай тузилишга эга бўлиб, таҳлилий материаллар, Ўзбекистон иқтисодиёти ва сармоявий салоҳияти тўғрисидаги маълумотлар, кўп бериладиган саволларга жавоблар ҳамда “S-GE”нинг Европа ва МДҲ минтақаси бўйича масъул маслаҳатчисининг алоқа маълумотларини ўз ичига олади.
Саноат, ахборот технологиялари, электромобиль ишлаб чиқариш, инфратузилма, қайта тикланувчи энергетика ва рақамли трансформация каби истиқболли йўналишларга алоҳида эътибор қаратилган.
Манбада Ўзбекистон барқарор иқтисодий ўсиш суръатларига эга ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими ортиб бораётган жадал ривожланувчи бозор сифатида қайд этилган. Хусусан, 2024 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг реал ўсиши 6,5 фоизни, 2025 йил учун прогноз эса қарийб 6 фоизни ташкил этиши таъкидланган. Шунингдек, 2024 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг соф оқими 32 фоизга ошгани айтилган.
Ўзбекистоннинг “S-GE” ахборот платформасига киритилиши иқтисодий дипломатия нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этиши ҳамда Швейцария ишбилармон доираларининг мамлакатдаги ислоҳотлар ва ҳамкорлик имкониятларига қизиқиши ортиб бораётганидан далолат бериши қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Ўзбекистон делегацияси АҚШдаги йирик халқаро инвестиция саммити – “SelectUSA”да қатнашди



