Ўзбекистон–Покистон: офтальмология ва тиббий туризм соҳаларида ҳамкорликнинг янги даври бошланмоқда
Май 14, 2026. 09:00 • 3 дақ
• 4РАВАЛПИНДИ, 14 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистондаги “Al Shifa Trust Eye Hospital” шифохоналар тармоғининг Равалпинди шаҳрида жойлашган марказий клиникасига ташриф буюрди ва муассаса президенти Реҳмат Хан билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот аввалида Покистон томонига Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан модернизация қилиш, аҳолининг барча қатламларини юқори малакали тиббий хизматлар билан таъминлаш, хусусий тиббиётни ривожлантириш, тиббий туризм имкониятларини кенгайтириш ҳамда халқаро талабларга жавоб берадиган малакали кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди.
Ўзбекистонда офтальмология соҳасини ривожлантириш, замонавий диагностика ва микрохирургия технологияларини жорий этиш, соҳада инновацион ёндашувларни қўллаш, шунингдек, етакчи хорижий тиббиёт муассасалари билан амалий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Реҳмат Хан ўз навбатида, “Al Shifa Trust Eye Hospital” тармоғининг Покистонда кўз касалликларини ташхислаш ва даволаш соҳасидаги кўп йиллик тажрибаси, юқори технологияли офтальмологик операциялар, аҳолига ижтимоий асосда тиббий хизмат кўрсатиш, шунингдек, офтальмология соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди.
“Биз Ўзбекистондаги давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари билан офтальмология, тиббий таълим ва тиббий туризм йўналишларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдормиз. Айниқса, мутахассислар тайёрлаш ва тажриба алмашиш соҳаларида катта имкониятлар мавжуд”, – деди у.
Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистон фуқароларини, айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини имтиёзли ва хайрия асосида даволаш имкониятлари, офтальмология соҳасида тиббий туризмни ривожлантириш, Ўзбекистондаги тиббиёт йўналишидаги олий, касбий ва техник таълим муассaсалари билан ҳамкорлик ўрнатиш, талабалар, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимлари учун малака ошириш ҳамда амалий ўқув дастурларини ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Шунингдек, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, телемедицина имкониятларидан фойдаланиш ва Ўзбекистон ҳудудларида профилактик кўриклар ташкил этиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида “Al Shifa Trust Eye Hospital” делегациясининг ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаш мақсадида Ўзбекистонга ишчи ташрифини ташкил этиш, шунингдек, тегишли вазирлик ва тиббиёт муассасалари билан учрашувлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон элчиси клиникада беморлар учун яратилган замонавий шароитлар, диагностика ва даволаш жараёнлари, юқори технологияли тиббий ускуналар ҳамда беморларга кўрсатилаётган хизматлар билан яқиндан танишди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси









